Зангиота колониясидан 21 аёл озодликка чиқарилди

Жамият

image

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясидан бир гуруҳ маҳкумалар озодликка чиқарилди. Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди раиси Ўктам Ҳолиқов раислигида бўлиб ўтган суд жараёнида 21-жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятининг тақдимномалари кўриб чиқилди. Бу ҳақад ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимномада жазони ўташ жараёнида белгиланган тартибларга қатъий риоя этган, қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ маҳкумаларни муддатидан олдинроқ озод этиш сўралган.

Янгийўллик маҳкума Р.Г. 2015 йил март ойида Жиноят кодексининг 223-моддаси, яъни қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки киришга оид қоидаларни такроран бузгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Судда маҳкума ўзига тегишли хулоса чиқаргани, айбини англаб етгани, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдириб, оиласи бағрига қайтишга имкон беришни сўради.

Суд маҳкуманинг шахсий йиғма жилдини ўрганиб чиқиш жараёнида унинг жазонинг ярмини ўтаб бўлгани, тарбиявий ишларда фаол иштирок этиб, топширилган ишларни виждонан бажаргани, муҳими, қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар инобатга олинди.

Маҳкуманинг ўталмаган қарийб 1 йил 11 ой жазо муддати шартлига алмаштирилиб, у муддатидан олдин озодликка чиқарилди.

Судда ишлари кўриб чиқилган бошқа маҳкумалар ҳақида ҳам шу каби фикрларни билдириш мумкин. Фақат айтиб ўтиш керакки, улар шунчаки озод этилмади, балки уларнинг келгусида ҳаётда тўғри йўлга тушиб олиши, жамиятда ўз ўринларини топиши учун тегишли хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига масъулият ҳам юкланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зангиота колонияси

Баҳолаганлар

182

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар