ЖССТ Ўзбекистонга 85 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Жамият

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан ортиқ бўлган инсонпарварлик ёрдамини етказиб берди. Бу ҳақда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

Умумий оғирлиги 85 тонна бўлган юк ЖССТ бош қароргоҳи томонидан Бирдамлик ва COVID-19 га жавоб бериш глобал жамғармаси орқали харид қилинган.

Инсонпарварлик юкини жўнатиш икки босқичда амалга оширилди. Биринчи қисм Тошкентга 8 июлда етиб келиб, унда юз учун 619 400 та ҳимоя экрани ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқоби бўлган. Юкнинг иккинчи қисми пойтахтга 17 июлда етказиб берилди. У шахсий ҳимоя воситалари, жумладан, 95 200 дона ҳимоя кўзойнаги, 178 минг дона ҳимоя халати, 12 минг дона жарроҳлик ниқоби, 1 064 000 дона KN95 респиратор ниқобидан иборат.

Юк Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топшириш учун мўлжалланган.

Ваколатхона томонидан таъкидланишича, мазкур инсонпарварлик юки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми ҳисобланади.

Аввалроқ Жанубий Корея Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдамини юборганди. Унда тиббий ниқоблар бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг