Ушбу масалага ҳокимларнинг аралашувига йўл қўйилмайди – Ходжаев

Жамият

image

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан мамлакатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилиниши кутилмоқда. 

Стратегиядан кўзланган мақсад секторни ўзгартириш, соҳага илғор технологияларни жадал ва самарали жорий этишга кўмаклашиш, ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, шунингдек, мамлакат аграр секторини инновацияларнинг самарадорлиги ва даражаси бўйича етакчи соҳалардан бирига айлантиришдир. 

Шу билан бирга, Стратегия давлат хизматларининг манбаи сифатида давлатнинг ролини қайта кўриб чиқишга йўналтирилган бўлиб,  хусусий фермер ва корхоналар глобал рақобат шароитида гуллаб-яшнаши учун уларни зарур билим, ахборот ва манбалардан фойдаланишларини таъминлаш орқали ушбу ўзгаришларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрдир.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев журналистлар билан учрашиб, стратегия ҳақида маълумот берди. 

“Стратегияда ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқдек ўта муҳим мавзу кўтарилган. Фермерларда узоқ йиллар давомида ўзларига тақдим этилган ерлардан қанча муддат давомида фойдаланишлари мумкинлигига ишонч йўқ эди. Айнан ушбу жойда фермер ва деҳқонларда ерга нисбатан истеъмолчилик муносабати пайдо бўлди. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ аксарият масалалар вилоят ҳокимлиги даражасида ҳал этиб келинган. Стратегияда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкаларини очиқ онлайн-аукционлар орқали тақдим этишга қаратилган шаффоф механизм таклиф этилган”, дейди вазир. 

Ходжаевга кўра, эндиликда ердан фойдаланиш ҳуқуқини фақат суд қарори асосида қайтариб олиш мумкин бўлади ҳамда ушбу масалага ҳокимларнинг аралашувига йўл қўйилмайди. 

Ердан фойдаланишга бўлган бундай кафолатланган ҳуқуқ одамларнинг ерга бўлган, ўзига бўлган муносабати ўзгаришига сабаб бўлади. Буларнинг барчаси деҳқонлар, фермерлар ва кластерларни маҳсулдорликни оширишга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳамда тупроқнинг емирилишининг олдини олишга туртки берадиган сармояларни жалб этишга ундайди.

Стратегияда "биринчи рад этиш" механизмини жорий қилиш муҳимлиги ҳақида сўз юритилиб, унга кўра ер майдонлари биринчи навбатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдан манфаатдор, етарлича имконият ва тажрибага эга бўлган қўшни ер эгаларига берилади. Фақатгина улар рад этган тақдирда ер майдонлари бошқа салоҳиятли харидорларга онлайн-аукционлар орқали тақдим этилади. Стратегия доирасида деҳқон хўжаликларига аниқ бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонини етарли даражада  кўпайтириш кўзда тутилган.

“Шунингдек, ердан фойдаланиш ва ижарага бериш ҳуқуқини суб-лизинг асосида бериш механизмини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, 2021 йилга келиб қишлоқ хўжалигига  мўлжалланган ерларнинг кадастр қийматини аниқлаш, солиқ  тизимларини қайта кўриб чиқиш ва иккиламчи бозорни ривожлантириш ва узоқ муддатли ижара ҳуқуқларидан гаров сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш режалаштирилган”, дея қўшимча қилди Жамшид Ходжаев. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жамшид Ходжаев

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг