Ўзбекистон Хитойга махсус самолётда гуманитар ёрдам жўнатди (фоторепортаж)

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 февраль куни “Хитой Халқ Республикасига гуманитар ёрдам юбориш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур фармонга асосан бугун эрта тонгдан гуманитар ёрдам ортилган махсус самолёт Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортидан йўлга чиқди. Бу ҳақда воқеа жойидан QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда. 

Гуманитар ёрдам қутиларидан энг зарур тиббий буюмлар ўрин олган. Булар стерилланган бир марта ишлатиладиган қўлқоплар, ҳимоя кийимлари, филтрли юз ниқоблари ва бошқалар. 

Мазкур гуманитар ёрдамни етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юклатилган. 

Айни вақтда мамлакатда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини шакллантириш ишлари бошланган. Шу муносабат билан мамлакатдаги тўқимачилик корхоналари тиббий ниқоблар ва ҳимоя костюмларини ишлаб чиқармоқда. Уларни Хитойга юбориш режалаштирилмоқда.

Расмий Тошкентнинг қайд этишича, Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг янги турдаги коронавирус (nCoV-2019) тарқалишига қарши курашиш ва маҳаллийлаштириш бўйича амалий ҳаракатларини юқори баҳолайди. 

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

Вирусдан бугунгача 1115 нафар одам ҳалок бўлди. У билан касалланганлар сони 45 171 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой коронавирус гуманитар ёрдам

Баҳолаганлар

176

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг