Гумонланувчи ёки айбланувчининг қариндошларини асоссиз ҳуқуқ-тартибот органларига чақириш тақиқланмоқда
Жамият
−
11 Август 2020
5592Ўзбекистонда бундан буён терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш тақиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз боради.
Бунда, тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкин.
Шунингдек, шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш ҳам тақиқланмоқда.
Фармон билан ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш ҳам тақиқланмоқда.
Ссуриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш (улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд ҳоллар бундан мустасно) тақиқланади.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши белгиланган.