Обидов Ғаниев билан боғлиқ воқеаларнинг ортида “Озодлик” радиоси турганини таҳмин қилмоқда

Жамият

Фарғона вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати котиби Муҳаммаджон Обидов ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев номидан очилган саҳифаларга ўз муносабатини билдирди.

Обидов Telegram мессенжерида Шуҳрат Ғаниев номидан қўйилган “Жонга тегдиларинг, мен ҳам блогер бўламан энди!” деб номланган постга муносабат билдира туриб, у ердаги видеотасвир яқинда вилоят ҳокимининг журналистлар ва блогерлар билан ўтказилган учрашувидан олинганини таъкидлайди. 

У шунингдек, Twitter ижтимоий тармоғида Ғаниевнинг номидан очилган профилга фикр билдирган. 

“Гўё Шуҳрат Ғаниев ўзининг профилида шундай ёзади: “ҳаммангни фалон жойингга ўт қўяман ҳали, гази бўла туриб газ йўқ деб кўчага чиққан битта Марғилонликни эшитгандурсан ҳамманг?” Бу ҳали ҳолва экан”, дейди матбуот котиби.

У ёзишмалар давом эттирилиб, сохта Ғаниев профилидан ёзилган “Бормисиз адаш? Ҳамма хорамилар шу ерда экан” номли twit гуёки Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга қаратилганини айтган. Унга жавобан Андижон вилоят ҳокими номидан очилган профил эгаси “Э ўзимни акам, бугунча гапириб туришсин, бу иплослар, эртага ўзим чалғитвораман” дея бунга муносабат билдирган.

Шундан сўнг, Муҳаммаджон Обидов масала юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига боғланган. Матбуот котибидан ушбу twit’лар Андижон вилоят ҳокимлиги номидан ёзилмаганини аниқлаган. Обидовга кўра, номаълум шахс ҳаттоки унинг номидан ҳам сохта профиллар очиб нотўғри маълумотлар тарқатмоқда.

Обидов бундай шахсларни сўроқ остига олиб улар ривожланиш йўлида шаҳдам қадамлар билан бораётган Ўзбекистоннинг душманлари эканини айтади. 

“Улар давлат идоралари раҳбарларига халқни қарши қўйиш, гиж-гижлаш ва юртимизда нотинчлик келтириб чиқаришнинг тарафдорларидир. Иккинчидан ижтимоий тармоқларда сохта аҳборот тарқатувчилар ижрочилар, холос. 

Уларнинг орқасида салоҳиятли мутахассисларга эга бўлган, молиявий жиҳатдан кучли таъминланган бошқа сиёсий кучлар бор. Агар мана шу ўйинларнинг, сохта аҳборотлар тарқатишларнинг орқасида, балки, мен аниқ айтолмайман, аммо “Озодлик” радиоси ҳам аралашган бўлиб чиқса, мен ҳеч қачон таажжубланмаган бўлардим”, дейди Муҳаммаджон Обидов.

У фикрининг сўнггида Ўзбекистонда сохта ахборотлар қаердан чиқаётганини аниқлаш слоҳияти борлигига ишониб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини улардан огоҳлантирган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Ғаниев Муҳаммаджон Обидов

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг