Адлия вазирлиги пулларни қайтаришда Гулнора Каримованинг роли йўқлигини айтмоқда
Жамият
−
18 Март 2020
13652Аввалроқ, Ўзбекистон Республиксининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва у тузган жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Адлия вазирлиги бунгача ҳеч қаерда эълон қилинмаган жиноий иш қандай асосда очилгани юзасидан маълумот берди. Шунингдек, вазирлик Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича маълумот берди.
“2019 йилда халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Ўзбекистон Республиксининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари билан қамраб олинмаган жиноятлар ҳақида хабарлар келиб тушди. Бу эса янгидан очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят иши очилишига асос бўлди.
Тергов Гулнора Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бир нечта уюшган жиноий гуруҳ тузиб, жиноий уюшмага раҳбарлик қилганлиги, республиканинг саноат корхоналарида фаолият юритиб, унга жиноий йўл билан орттирилган даромаддан улуш бериб турган яна бир уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, жиноий иш материалларига кўра, Гулнора Каримова фуқароларга ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўли билан уларнинг мулкларини ўзига қарашли компанияларга қайта расмийлаштириб беришга мажбурлаган.
Иш бўйича тергов давомида Гулнора Каримованинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини у ва унинг яқин қариндошлари томонидан жалб этилган 7 нафар адвокат ҳимоя қилди. Бундан ташқари, барча тергов ҳаракатларида адвокатларнинг иштироки таъминланди ва уларнинг ҳеч қандай чекловларсиз Гулнора Каримова билан холи учрашишига имконият яратиб берилди.
Тергов тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилигининг бузилишига, шунингдек гумон қилинувчилар ва айбланувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаган.
2020 йил 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Г. Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 трлн сўм ва 165 млн АҚШ долларини ташкил этди”, дейилади Адлия вазирлигининг ахборотида.
Вазирлик Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттириб. Хорижий давлатларга оилб чиқиб кетган маблағларни қайтаришдга Каримованинг ўзи ёхуд бошқа бирор оила аъзосининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
“Гулнора Каримовага оид хабарларда мулкларни қайтариш масаласи яна кўтарилиётганлиги муносабати билан Адлия вазирлиги Гулнора Каримовага нисбатан бошқа давлатларда ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини эслатиб ўтишни жоиз деб ҳисоблайди. Ушбу ишлар бўйича Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирилган маблағларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятларга қўл урганликда айбланмоқда.
Хорижий давлатларда олиб борилаётган тергов материаллари ва расмий манбаларда келтирилишича, Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахслар томонидан Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва эҳтимол бошқа давлатларда жиноий йўл билан билан орттирилган маблағларни ювиш бўйича ноқонуний коррупцион схемалар амалга оширилган.
Қайд этиш жоизки, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.
Хусусан, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги муносабати билан, улар анчадан буён Гулнора Каримова (унинг оила аъзолари)нинг тасарруфида эмас”, дея қайд этилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонга мулкларни Гулнора Каримованинг ўзи қайтарганлиги ёки қолган мулклар бевосита Гулнора Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги таъкидлар ҳуқуқий асосга эга эмас, шу боис ҳақиқатга тўғри келмайди.