Транспорт вазирлиги самолёт чипталари масаласида фуқароларни огоҳлантирди

Жамият

image
Санамай саккиз дема. Turkish Airlines`га Ўзбекистонга парвоз учун рухсат берилмаган north_east

Санамай саккиз дема. Turkish Airlines`га Ўзбекистонга парвоз учун рухсат берилмаган

Дунёда ва шу жумладан Ўзбекистонда коронавирус пандемияси давом этаётган бир шароитда халқаро парвозларни тиклашга ҳаракат бошланган. Шундай бир вазиятда Туркия, Қозоғистон каби давлатларнинг авиакомпаниялари 1 июлдан Ўзбекистонга парвозларни тиклаши ҳақида хабарлар бериляпти.

Транспорт вазирлиги фуқароларга мурожаат йўллаб, келаси ой бошидан парвозлар тикланиши 100 фоиз аниқ эмаслигини маълум қилди ва чипталар сотиб олмасликка чақирди.

“Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 14 июндаги қўшма йиғилиши 29-сон баёнига мувофиқ республика ҳудудида кучайтирилган санитария-гигиена назорати жорий йилнинг 1 августига қадар сақланиб қолиши белгиланган. Бунда кучайтирилган санитария-гигиена назорати даврида Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган барча чекловчи чоралар сақланиб қолади.

Шу муносабат билан Транспорт вазирлиги томонидан хорижий давлатлар авиация маъмуриятларига Ўзбекистон Республикасига авиакомпанияларнинг мунтазам парвозларни амалга оширишга ҳали руҳсат берилмаганлиги тўғрисидаги ноталар юборилган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Таъкидланишича, айни вақтда Республика махсус комиссиясининг 29-сон баёнига мувофиқ санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган мамлакатлар билан “яшил”, “сариқ” ва “қизил рейслар”га ажратилган ҳолда мунтазам парвозларни қайта тиклаш устида иш олиб борилмоқда.

“Шу ўринда, йўловчиларга эслатиб ўтамиз, турли авиакомпанияларнинг Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлаши тўғрисида тарақалаётган расман тасдиқланмаган хабарларга ишониб авиачипталарни сотиб олманг”, дея фуқароларни огоҳлантирган вазирлик.

Мунтазам рейслар тиклангунга қадар фақат Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ чартер рейсларигина амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларнинг айнан қачондан бошлаб тикланиши юзасидан Республика махсус комиссияси қарор қабул қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Транспорт вазирлиги

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг