Олий ҳарбий таълим муассасаларга ўқишга қабул қилиш тартиби ўзгаради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзгартиришларга кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига Мудофаа вазирлигининг олий таълим муассасаларига кириш учун курсантларни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли квота ажратилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ўқиш учун номзодлар республиканинг муҳандислик-техника олий таълим муассасаларининг учинчи босқичини тугатган, ўқиш якунлари бўйича юқори натижаларга эришган, мазкур институтда ўқишни давом эттириш ҳамда келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли деб топилган талабалар орасидан танлаб олинади.

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультетида ўқиш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасаларининг “Даволаш иши” йўналиши бўйича ўқишнинг бешинчи босқичини тугатган талабалар орасидан танлаб олинади.

Ҳарбий институт ва Ҳарбий-тиббиёт факультетига ўқишга киришни хоҳлаган олий таълим муассасаларининг талабалари ариза билан бевосита олий таълим муассасасининг ректори номига мурожаат этади.

Талабанинг аризаси олий таълим муассасаси томонидан 5 кунлик муддатда кўриб чиқилади ва ариза талаба мазкур олий таълим муассасасининг учинчи (тўртинчи) курсида ўқиётганлигини тасдиқловчи маълумотнома ҳамда рейтинг дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси илова қилинган ҳолда, олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларига алоқа каналлари орқали юборилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий ҳарбий таълим муассасасларига ўқишга қабул

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар