Президент жазо муддатини ўтаётган 92 кишини афв этди
Жамият
−
06 Декабрь 2019
8815Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 20 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 37 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 16 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 73 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда ва пробация хизмати органлари назоратидан олинмоқда. Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатлар намоён бўлганининг амалий ифодасидир.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
LiveБарчаси