Депутат: “Ўзбекистон 24” ўзгариши шарт”

Жамият

image

Бир неча кунлардан бери ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон 24” телеканалининг савияси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулбаҳор Саидғаниева телеканал томошабини сифатида ўз мулоҳазаларини билдирди.

“Ўзбекистон 24” ахборот бериш тизимини ўзгартириши зарур. Каналнинг тезкорлик масаласида оқсаётгани яққол намоён бўлиб турибди. Баъзан айрим воқеа, хабарлар ҳақида муддати ўтгандан кейин ахборот берилади. Бу вақтда қанчадан-қанча бошқа хабарлар оқими тармоқларда оқиб келаётган, жараёнлар кечаётган бўлади...

Танқидий муносабатларда тилга олинганидек, гўёки жаҳонда, Ўзбекистонда бошқа ҳаёт оқими кечаётгандек, “Ўзбекистон 24” да эса тинч, осуда бошқа ҳаёт кечаётгандек тасаввур уйғотиши ҳам шундандир балки.

Тўғри, мамлакатда кечаётган ижобий жараёнларни албатта бериш керак, ютуқларимизни кўришимиз керак, одамларда амага оширилаётган ислоҳотлардан бохабарлик, келажакка ишонч руҳи пайдо бўлиши лозим. 

Шу билан биргаликда, ҳаётий материаллар, камчиликларимизни ҳам кўришимиз зарур. Биров қийшиқ ойна олиб бизга тутганидан кўра, тўғри ойнани ўзимиз олиб юзимизни кўрайлик.

Бу канал очилганда жуда яхши мақсадлар қўйилган, 24 соат давомида ватанимизда кечаётган жараёнлар, ёниқ нуқталардан хабарлар тинимсиз узатиб турилиши назарда тутилган эди. Аммо истемолчилар бугун ўз кутганларини тўлиқ ололмаяптилар. 

“Ўзбекистон 24” канали ўз рейтингини баҳолаши, агар томошабинлари бошқаларникидан кам бўлса, ўз устида ишлаши керак.

“Ўзбекистон 24” давлат сиёсатини тўғри акс эттирувчи, ватандошлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи ростгўй канал, биз унинг келажагига, энг кучли каналлардан бири бўлишига умид қилиб қоламиз. Балки кадрлар сиёсатини ўзгартириш керакдир, балки мақсадларни бошқачароқ қўйиш керакдир. Аммо канал фаолиятини такомиллаштириш вақти келганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди”, дейди депутат Гулбаҳор Саидғаниева.

Эслатиб ўтамиз, “Орият Доно” радиоканалида эфирга узатилган “Футбол плюс” лойиҳаси иштирокчилари Бобур Акмалов, Жамолиддин Бобожонов ва Хайрулла Хамидов ўзаро суҳбатда “Ўзбекистон 24” телеканали хусусида танқидий фикр билдириб, канал тарқатаётган хабарлар реал ҳаётдан йироқ экани ҳақида (“Сусамбил”да ташкил қилинганми" дея) мулоҳаза билдирган эди. Айнан шу кичик қисм интернет тармоқларида тарқалди ва кенг муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожонов ўз аризасига кўра, “Sport” телеканалидан кетди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон 24” телеканали 2017 йилнинг 24 июль куни ўз фаолиятини бошлаган. Телеканал ички ва ташқи сиёсат юз бераётган масалалар бўйича бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб тўғридан-тўғри 24 соат давомида эфирга чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон 24 Гулбаҳор Саидғаниева

Баҳолаганлар

422

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг