Президент Беҳзод Мусаевга янги вазифани юклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаевга янги вазифа юклади. Президентнинг қайд этишича, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази буюк мутафаккирларнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, уни ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чора-тадбирларини кўриши лозим. Бу масалага Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев масъул этиб белгиланади.

Давлат раҳбари бу ҳақда гапираркан, мамлакатда аждодлардан қолган тарихий мерослар кўплигини, аммо улардан етарли етарли даражада ўрганилмаётганини айтади. 

“Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар.

Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур”, дейди Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, буюк аждодларнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. 

“Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур”, дейди Президент. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Беҳзод Мусаев

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг