Самарқандда учрашувга чиққан ёшлар “самосуд” қилинди
Жамият
−
18 Март 2020
24180Ижтимоий тармоқларда, Самарқандда тунда учрашувга чиққан йигит ва қизни ҳақоратлаб, уларни урганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 3 март куни содир бўлган. Ўша куни соат тахминан 21:00 атрофида Самарқанд шаҳар “Жомий” маҳалласида яшовчи фуқаро (қиз бола) Б.М.нинг қўл телефонига Тойлоқ тумани “Нурли-йўл” маҳалласида яшовчи 1999 йилда туғилган О.А. қўнғироқ қилиб, биргаликда сайр қилишни таклиф қилади. Таклифга рози бўлган Б.М. синглиси М.Б. билан яшаш уйи олдидаги кўчага чиқади.
О.А. учрашувга маҳалладоши 1996 йилда туғилган Х.Д. нинг машинасида бориб, ҳаммаси биргаликда Тойлоқ тумани “Нурли-йўл” маҳалласида жойлашган, ҳозирги кунда Туркия давлатида бўлган фуқаро “А”га тегишли бўлган уйга боришади.
Ичкаридаги шовқинни эшитган қўшнилар Қ.С., Н.А., Қ.А., Б.Ф., О.А., Х.Д. уйга киришади. Фуқаро Қ.С. қизларни ҳақоратлаб, юзига тарсаки уриб, ўзбошимчалик билан жазоламоқчи бўлади. Шу вақтда қолган фуқароларнинг бир нечтаси ҳолатни видеотасвирга олиб, тунги вақтда хонадонда бақир-чақир қилишади.
Мазкур ҳолатдан хабар топган маҳалла фуқаролар йиғини раиси жанжални олдини олиш мақсадида фуқароларни тарқатиб юборади.
Самарқанд вилоят ИИБ ходимларининг олиб борган дастлабки текширувлари натижасида фуқаролар Қ.С., Н.А., Қ.А., Б.Ф., О.А., Х.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисми, 183-моддалари билан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли тартибда қонуний қарор қабул қилишлик учун Тойлоқ туман Маъмурий ишлар бўйича судига юборилди.
Фуқаро Қ.С. қонунни яхши билмаслигини, бу каби ҳаракатлар бошқа қайтарилмаслигини маълум қилиб, қизларни ҳақорат қилганлиги, уларга нисбатан қилган бошқа ҳаракатларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Ҳолат юзасидан якуний қарорни суд органи қабул қилади.
LiveБарчаси