...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Муниса Ризаева ҳаётининг сўнгги кунларини яшаётган қизалоқни йўқлаб, шифохонага борди


11:09, 13.03.2018 Шоу-бизнес
 18 795

У қизалоқ билан учрашуви қайд этилган видеони ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлар экан, видеога қуйидагича изоҳ қолдиради.

Чет элнинг таниқли юлдузлари оғир хасталикка чалинган, шифохонада даволанаётган мухлисларининг ёнига кириб бориб, уларнинг орзуси ушалишига, кўзлари қувончдан порлашига сабабчи бўлганлари ҳақидаги видеолавҳаларни интернет орқали сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак. Энди бундай лавҳалар Ўзбекистондаги телевидениелардан ҳам ўрин олади.
 
“MY5” телеканали ижодкорлари томонидан тайёрланаётган “Орзу” кўрсатуви хасталик билан олишаётган, орзуси эса севимли санъаткорини кўриш бўлган беморларга ана шундай имкониятни беради.
 


Куни кеча хонанда Муниса Ризаева иштирокида кўрсатувнинг навбатдаги сони суратга олинди. Хонанда Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот марказида даволанаётган жажжи мухлисасининг орзуси ушалишига сабабчи бўлди. У қизалоқ билан учрашуви қайд этилган видеони ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлар экан, видеога қуйидагича изоҳ қолдиради.
 
“Атрофга қарасангиз ҳамма иш билан банд, “24 соат вақт камлик қиляпт”, деган гапни эшитасиз. Гоҳида бундай одамларга қараб, сўзларини тинглаб, ўзингизни гўё бекорчидек ҳис қилишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Ана шундай “ишбилармон”лар деб қанчадан-қанча қоракўзлар биргина, оддий эътиборга зор.
 
Бежиз вақт ҳақида сўз очмадим. Куни кеча ҳаётимда бўлган воқеа мени жудаям таъсирлантирди. “MY5” телеканалининг “Орзу” кўрсатуви Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот марказида даволанаётган жажжи қизчанинг ОРЗУсини амалга ошириш мақсадида мени кўрсатув меҳмони сифатида иштирок этишга чақиришди. Билсам, жиддий хасталикка чалинган ва умрининг сўнгги онларини яшаётган бу қизчанинг орзуси хонанда Муниса Ризаевани кўриш экан.
 
Биз санъаткорлар учун қанчалик оддий, бироқ ҳар дақиқа қадрини ҳаммамиздан кўра яхшироқ ҳис қилаётган бу қизалоқ учун севимли санъаткори билан атиги бир бор учрашиш катта, балки етиб бўлмас орзу.
 
Уларнинг кўзларига боқиб, инсон қадри, меҳр-муҳаббат, эътибор, вақт ва ҳар бир олаётган нафасимиз қадри нималигини тушунасиз. У ерда шундай оддий орзулар билан нафас олаётган қанчадан қанча дардга чалинган болажонлар бор. Бироқ аксарият ҳамкасбларим юқорида айтганимдек, “ишбилармон”, вақти йўқ! Аслида эса сизнинг эмас, шу дардман “эртага тонгни қарши олиш насиб этармикан?” деган жавоби йўқ савол ва катта умид, озгина илинж билан яшаётган болажонларнинг вақти йўқ. 


 
Шундай орзуси армонга айланиб, бу дунёдан кўз юмган болажонлар ҳақида эшитиб, анча вақт ўзимга келолмадим, ҳали ҳануз шу ҳақда ўйлаяпман... Шу арзимас орзуни амалга оширолмасак, нега “халқ учун хизмат қиламан!” деб юрибмиз?! Унутманг, азиз ҳамкасбларим вайрон кўнгилни обод қилиш Каъбани тиклаш билан баробардир. Кўнгилни вайрон қилиш эса Каъбани вайрон қилиш билан тенг!”, деб ёзади Муниса Ризаева.
 
Хонанданинг айтганларида жон бор! Агар бошқалар ҳам у каби фикрлаганда эди... “MY5” телеканали эса бундай хайрли ишга бош-қош бўлиб, жажжи кичкинтойларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга катта ҳисса қўшаётгани таҳсинга сазовор. 

Теглар:Муниса Ризаева Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот маркази 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!