Лукашенко соппа-соғ. У халқига мурожаат тайёрлаяпти

Олам

image

Беларусь Президенти Александр Лукашенко халқига мурожаат тайёрлаяпти. Бу ҳақда “Коммерсантъ FM” Президент матбуот котиби Натаья Эйсмонгга таяниб хабар берди.

Беларусда 5 кундан бери норозилик намойишлари ва ҳуқуқ тартибот органи ходимлари билан тўқнашувлар давом этяпти. Намойишчилар 9  август куни ўтказилган президентлик сайлови натижасидан норози. Марказий сайлов комиссияси берган дастлабки натижаларга кўра, сайловда Лукашенко 80,08 фоиз, Светлана Тихановская 10,9 фоиз овоз олган.

Беш кундир давом этаётган намойишларда 7 мингга яқин одам ҳибсга олинган. Акция вақтида бир киши ҳалок бўлди ва 250 дан ортиғи жароҳатланди. Бугундан қўлга олинганларни озод қилиш бошланди.

Ички ишлар вазирлиги намойишлар вақтида 100 дан ортиқ ходимлари шикастланганини маълум қилди.

Беларусь Тергов қўмитаси ўз навбатида мамлакатдаги оммавий намойишлар ўз-ўзидан эмас, махсус тайёрланган шахслар томонидан мувофиқлаштирилаётганини таъкидламоқда.

Лукашенко эса намойишчиларнинг аксари ишсизлар эканини айтмоқда. У масъулларга ишсизларни ишга жойлаш бўйича кўрсатма берган.

Кеча, 13 август куни ижтимоий тармоқларда Лукашенконинг саломатлиги бўйича тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Унга кўра, Президент инсульт ўтказган. Бундай хабарлар тарқалишига Президент Матбуот хизматининг давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда олинган суратда унинг ўзи кўринмагани сабаб бўлди. Тармоқ фойдаланувчилари "амалдорлар Президентнинг ўриндиғи билан гаплашишни бошлабди", дея ҳазил қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг