Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар 1600 нафардан ошди
Жамият
−
07 Май 2020
8346Тошкент шаҳрида 32 нафар бемор коронавирус касаллигидан буткул соғайди. Улар орасида чақалоқ ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 6 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 7 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида 19 нафар ҳамда Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 6 нафар, жами 32 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 3 нафари эркак, 4 нафари аёл бўлиб, 5 нафари Тошкент шаҳридан, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 6 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 1 нафари эса Туркиядан чартер рейсда келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, клиникага ётқизилган. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2018 йил туғилган.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 9 нафари Тошкент шаҳридан, Андижон ва Хоразм вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Жиззах, Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 6 нафари Россиядан, 1 нафари Туркиядан ҳамда 2 нафари Қозоғистондан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 10 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 9 нафари эркак, 10 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 81 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 8 ёшда.
Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида тузалганларнинг эса 3 нафари Тошкент шаҳридан, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафардан. Уларнинг 1 нафари Туркиядан, яна 1 нафари Қозоғистон Республикаси орқали Россиядан келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 4 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 5 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 468 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 500 нафарга етди. Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1624 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар 2266 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 10 нафари вафот этган.
LiveБарчаси