Венесуэладаги ҳарбий машғулотда рус ва хитойлар ҳам бор
Олам 11 Февраль 20:19 3425

Венесуэладаги энг йирик ҳарбий машғулотларда россиялик ҳарбийлар ҳам иштирок этяпти. Бу ҳақда мамлакат Қуролли кучларининг тезкор стратегик қўмондонлиги раҳбари Ремихио Себальос "El Mundo" нашрига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, россияликлар ва хитойликлар ҳарбий машғулотларда махсус меҳмон сифатида иштирок этяпти. Аммо уларнинг машғулотларда тўғридан-тўғри иштирок этаётганига аниқлик киритилмаган.

Себальос АҚШ мамлакат Қуролли кучларини яксон қилишга уринаётганини, бироқ бу режа аскарларнинг миллийликка содиқлиги сабабли амалга ошмаслигини таъкидлаган.

"Барча аскарлар Николас Мадурони қўллаб-қувватлайди", деган Себальос.

Венесуэла тарихидаги энг йирик "Ангостурларнинг икки юз йиллиги" номли ҳарбий машғулотлар кеча, 10 февраль куни бошланди. Очилиш маросимида президент Николас Мадуро нутқ сўзлаб, ҳарбийлар ва кўнгилли аскарлар энг замонавий қуроллар билан таъминланиши учун етарлича, маблағ ажратилишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада Хуан Гуайдо ўзини вақтинча президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилди. АҚШ, Канада ва Лотин Америкасининг қатор ривожланган мамлакатлари Гуайдони президент сифатида тан олди.
 
Россия, Беларусь, Боливия, Эрон, Хитой, Куба, Никарагуа, Сальвадор ва Туркия Мадурони қўллаб-қувватлади. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш инқирозни ҳал қилиш учун томонларни мулоқот ўтказишга чақирди.

Швеция, Дания, Буюк Британия, Испания, Австрия, Нидерландия, Германия ва Франция  Гуайдони 4 февраль куни тан олди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 86
Рейтинг: 1.8