Коронавирусни қон бериш йўли билан даволаб бўлмайди – Отабеков
Саломатлик
−
27 Март 2020
5714Коронавирус пандемиясига қарши вакцина ишлаб чиқарилмаган бўлса ҳам, аммо мавжуд дори воситалари орқали уларни даволашга катта эътибор қаратилган. COVID-19 инфекциясини шифокорлар соғлом деб топган донорнинг қон бериш йўли билан даволаса бўладими?
Ушбу масала юзасидан Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ўз фикрини билдирди.
“Лаборатория текширувлари соғлом деб топган бўлса, ҳар бир кишининг донорлик қилишга ҳаққи бор. Унда қон орқали юқадиган касаллик бўлмаса бўлгани.
Аммо дунё тажрибасида коронавирусга чалинган беморларга қон қуйиш орқали шифо топилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Ушбу беморларда кузатиладиган асоратлар бу – ўпка яллиғланиши, нафас ва юрак етишмоқчилиги билан боғлиқ ҳолатлардир”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда беморлар 83 нафарни ташкил этмоқда. Коронавирусга чалинган бир бемор миокард инфарктидан вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor