...
МЕНЮ
ONLINE TV

Вақф нима?


20:50, 11.07.2018 Жамият
 3 648

Президентнинг фармони бўйича Ўзбекистонда “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Бугун, 11 июль куни Тошкент шаҳридаги Медиа-марказ биносида Халфаро Пресс-клубнинг “Вақф: хайрия маблағлари бошқарувига шаффоф ёндашув” мавзусида сессияси бўлиб ўтди. Сессияда “Вақф” хайрия жамоат фонди ва Вақфнинг нима эканлиги ҳақида керакли маълумотлар берилган.
 
“Вақф” хайрия жамоат фонди
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
 
Вақф ўзи нима?
 
“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
 
Фонднинг асосий мулки вақф мулкидан келган маблағларми?
 
Фонднинг маблағлари 3 қисмга бўлинади. Яъни, 1. Хайрия бўлими; 2. Вақф бўлими; 3; Закот, ушр, фитр ва фидя бўлими. Билишимиз керак-ки, ҳозирги кунда 3 та бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд. Дейлик, бир киши закот учун фондга маблағ ўтказса, ўтказилган маблағ закот бўлимига тушади. Шу билан биргаликда шариатда айтилган ўринларга сарф қилиниши айтилмоқда. Умумий қилиб айтганда фонд фақатгина вақф мулкидан иборат эмас.
 
Фонднинг асосий вазифалари нималардан иборат?
 
Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.
 
Фондга маблағлар қай тартибда йиғилади?
 
Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағларни одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимларига уланмоқда. Жумладан, Click, Payme тизимларига уланиб бўлинди. Бу дегани сиз пластик карта орқали истасангиз закот, вақф ёки хайрия маблағларини фондга ўтказишингиз мумкин. Ундан ташқари Ўзбекистондаги барча инфокиоскалар орқали фондга хайрия қилиш имконияти яратилди. Улардан фонднинг исталган бўлимига нақд ёки пластик карта орқали пул ўтказиш мумкин.
 
Июнь ойи ҳисоботи
 
Вақф хайрия жамоат фонди июнь ойида жами бўлиб 231 838 600 сўм закот ва хайрия маблағларини шариатда кўрсатилган ўринларга етказди. Маблағлар муҳтож, бемор, уйсиз, қаровчиси йўқ ёши улуғларга, кўзи ожизлар ва ногиронлар жамиятига нақд пул ёки пластик карта орқали берилди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Вақф 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар