“Вафот қилган одамнинг тобутини кўтаришдан уялма” – Алматовнинг ички ишлар ходимларига маслаҳати

Жамият

Хабарингиз бор, жорий йилнинг, 18 март куни QALAMPIR.UZ томонидан 1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматович Алматов билан эксклюзив интервью тақдим этилган эди.

Зокиржон Алматович мазкур интервьюда ички ишлар ходими қандай бўлиши, бирор жиноятни ўрганишда нималарни инобатга олиши кераклиги ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

“Мен ходимларимга доим бир нарсани айтиб келаман: ўзингни бошига мусибат тушган инсоннинг ўрнида кўргин. Агар фарзандинг ёки яқин инсонинг жиноят содир этиб қолса, унга қанақа муносабатда бўлардинг? Нима учун бу жиноят содир бўлди. Ўша одамнинг ота-онаси, ака-укаси, ёрини ёки фарзандини ўрнида ўзингни кўргин, ана ундан кейин хулоса қилгин. Инсон ёмон бўлмайди. Бу дунёда ҳеч ким ёмон бўлиб туғилмайди. Ҳеч ким ўз фарзандини жиноятчи бўлсин демайди, орзу умид билан катта қилади”, дейди Зокиржон Алматов.

Собиқ вазир сўзида давом этаркан, афсуски, инсон баъзи ижтимоий, иқтисодий сабабларга кўра, айрим одамларнинг алдови билан нотўғри йўлга кириб қолиши мумкинлигини таъкидлади.

“Шунинг учун доим ходимларга айтаман: шу халқдан чиқдингми, Ички ишлар халққа энг яқин идора ҳисобланади, буни унутма. Елкамга погонни илдим, формани кийдим , деб одамларни оёқости қилиш, одамларга панжа орасидан қараш Ички ишлар идораси ходимига тўғри келмайди. Қачон халқни ичида обрў топасан, қачонки ўзингни халқнинг фарзанди деб ҳисобласанг. Халқнинг дардига, ғамига шерик бўлсанг, ёрдам қўлини чўзсанг...”, дейди Алматов.

Унинг таъкидлашича, қонун аввал ҳам шундай бўлган, у фақат қамаш учун эмас, қонун кўп нарсага йўл қўяди. Алматовнинг сўзларга кўра, ходим қонуннинг енгил усулини танласа, фақат ўз манфаатини ўйлаб иш қиладиган бўлса, одамларнинг қўлига ё чўнтагига қараб, пора мақсадида ёрдам берадиган бўлса, ундай одамдан ҳеч қачон яхши ходим чиқмайди.

“Ана шу қоидага риоя қилган ходимгина келажакда обрў топади. Ҳар битта ички ишлар ходимига айтар гапим: қайси амалда, қайси унвонда бўлишдан қатъи назар одамларнинг ичига кириб бор, халқ билан учраш. Агарда бирорта маҳаллада, ўзинг хизмат қиладиган жойингда бир инсон вафот этган бўлса, ўша хонадонга кириб таъзия билдир. Ўша оилага ёрдам қўлини чўзгин. Инсонийликни унутма. Агарда иккита ёшнинг тўйи бўлаётган бўлса, қўлингда бир даста гул билан ўша хонадонга кириб бор, келин-куёвни табрикла. Вафот этган одамнинг тобутини 5-10 метр кўтариб боргин. Уялма, тортинма. Ана ўшандагина халқ “бизнинг милиция ходимимиз, ҳақиқий ички ишлар ходими”, дея ҳурмат қилади. Шундагина халқ ўзининг ички ишлар идораси ходимига ёмон гапирмайди, тош отмайди, ишонч пайдо бўлади”, дейди Зокиржон Алматов.

Мазкур интервьюни тўлиқ шаклда қуйида ёки YouTube ва Mover’даги саҳифаларимизда кўришингиз мумкин.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Зокиржон Алматов

Баҳолаганлар

100

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг