Дунёга очарчилик хавф соладими? БМТ расмий баёнот берди

Олам

image

COVID-19 пандемияси дунё озиқ-овқат хавфсизлигига узоқ муддат таҳдид туғдирмайди, аммо давлатлар халқаро савдони очиқ сақлашлари ва эски хатоларни такрорлаб, чеклов қўймасликлари керак. Бу ҳақда БМТ қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълум қилмоқда.

“Глобал маънода озиқ-овқат ҳамма учун етарли. Масалан, жаҳон дон захиралари қулай даражада. Буғдой ва бошқа асосий экинлар (масалан, гуруч) йиғиб олинишининг 2020 йилга прогнози ижобий”, деди ташкилот вакили.

Унинг сўзларига кўра, пандемия назорат остида бўлса ва қишлоқ хўжалигининг инсон, ижтимоий, иқтисодий капитали исроф қилинмаса, “озиқ-овқат учун узоқ муддатли таҳдид бўлмаслиги керак”.

“FAO барча давлатларни халқаро савдода очиқ бўлишга, озиқ-овқат таъминоти занжирларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўришга чақиради. Уруғлик каби ресурсларни олишдан тортиб, кичик фермерларга ўз маҳсулотларини сотиш учун бозорларга чиқиш учун имконият яратиш лозим”, дейилади озиқ-овқат ташкилоти баёнотида.

FAO, шунингдек, давлатларни аҳолининг энг муҳтож қатламига эътибор беришга ва ижтимоий ҳимоя дастурларини, шу жумладан, пул ўтказмаларини кенгайтиришга чақирди. Кўпгина давлатлар аллақачон бу ҳаракатларни бошлаб юборгани таъкидланди.

“Муаммодан олиб чиқадиган эшикнинг калити халқаро ҳамкорликдир. Дунёда озиқ-овқат етарли ва маҳаллий тангликларнинг олдини ҳамкорлик ва очиқ савдо орқали олиш мумкин. Бундан ташқари, 2008 йилдаги инқироз бизга экспортга қўйилган тақиқлар барчага зарар келтиришини ўргатди. FAO дунё сиёсатчиларини эҳтиёт бўлишга чақиради. 2007-2008 йиллардаги озиқ-овқат инқирози пайтида йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик зарур”, дейилади FAO баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг