Ўзбекистондаги аэропорт МДҲ аэропортлари орасида еттинчи бор энг яхши деб топилди

Жамият

image

Москвада Фуқаро авиацияси халқаро “Аэропорт” ассоциацияси форуми доирасида 2018 йил якунлари бўйича МДҲга аъзо мамлакатлар аэропортлари ўртасида энг яхши аэропорт танлови ўтказилди.

Унда 100 мингдан 500 минг нафаргача йўловчи ташиш қувватига эга авиакорхоналар номинациясида “Бухоро” халқаро аэропорти биринчи ўринга муносиб топилиб, катта кубок билан тақдирланди.

“Бухоро” халқаро аэропортида хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон андазалари даражасида йўлга қўйиш тадбирлари изчил ҳамда муваффақиятли амалга ошириляпти. Бунинг самарасида ўтган йили аэропорт орқали 111 минг 653 нафар йўловчи манзилларга етказилди. Бу кўзда тутилганидан 2 фоизга, аввалги йилдагидан эса 13 фоизга кўп.

“Аэропортимиз хизматидан фойдаланувчилар учун зарур шароитлар яратилган. Ҳафтада 25 қатнов, жумладан, халқаро йўналишларда 13 парвоз амалга ошириляпти. Яна муҳим жиҳат, модернизациялаш йўлидан борилаётгани, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш технологиялари жорий этилаётгани туфайли аэропортимиз хорижий авиакомпаниялар эътиборини ҳам тортмоқда. 2018 йилда Россиянинг “Аэрофлот“ (Бухоро – Шереметьево –Бухоро), S7 “Сибирь“ (Бухоро – Новосибирск – Бухоро), Тожикистоннинг “Somon air” (Бухоро – Душанбе – Бухоро) авиакомпаниялари ҳаво кемалари қатнови йўлга қўйилди. Яқин истиқболда Бухоро – Истанбул – Бухоро, Бухоро – Владивосток – Бухоро, Бухоро – Лоян (ХХР) – Бухоро йўналишларида рейсларни очиш бўйича ҳаракатлар қилинаётир”, дейди “Бухоро” халқаро аэропортининг масъул ходими С.Бадриддинов.

“Бухоро” халқаро аэропорти фуқаро авиацияси халқаро “Аэропорт” ассоциацияси томонидан илк бор эътироф этилаётгани йўқ. У кейинги 10 йилда МДҲга аъзо мамлакатлар авиакорхоналари ўртасидаги энг яхши аэропорт танловида еттинчи бор ғолиб чиқди. Бундан ташқари, у икки бор “МДҲ мамлакатларининг жадал ривожланаётган аэропорти” номинациясида ва бир марта МДҲ мамлакатларининг истиқболли аэропорти” номинациясида ғолибликни қўлга киритган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, май ойи охирида Москвада бўлиб ўтган Фуқаро авиацияси халқаро “Аэропорт” ассоциацияси Форумида “Бухоро” халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов иккинчи бор “Аэропорт” ассоциацияси президенти этиб сайланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Аэропорт

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made