Ўзбекистонда пуллик йўллар қандай ва қаерда қурилади?

Жамият

image

2019 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатга кўра, яқин йилларда “Тошкент–Андижон” ва “Тошкент–Самарқанд” йўналишлари бўйлаб пулли автомобиль йўллари қурилиши белгиланди.

Режага кўра, “Тошкент–Андижон” пулли йўли қурилиши бўйича 2019 йилнинг июнь ойида Жаҳон банки билан консультация хизматини кўрсатиш бўйича битим тузиш кўзда тутилган. Қурилиш тендери ғолибини эълон қилиш ва у билан битим тузиш муддати 2020 йилнинг декабрь ойига мўлжалланган. Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг август ойида бошланиши режалаштирилмоқда.

Иккинчи йўналиш — “Тошкент — Самарқанд” пулли йўли қурилиши Туркиянинг “Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.S”, “KaneH” ва “Komm” компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа жорий йилнинг IV чорагида бошланиши ва 2021 йил якунида фойдаланишга топширилиши лозим.

Шу ўринда табиийки аҳоли ўртасида “Пулли йўллар — қандай йўллар?” деган савол туғилади.

Пулли йўл — ҳайдовчилар ҳақ тўлаб фойдаланадиган йўлларга айтилади. Бундай йўллардан фойдаланганлик учун тўланадиган маблағ уни таъмирлаш ва сақлаш, техник хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш учун сарфланади. Тижорий йўлларнинг давлат йўлларидан асосий фарқи шундаки, бундай йўналишларда фойдаланувчилар ва уларнинг автоуловларига юқори сифатда хизмат кўрсатилади. Қолаверса, пулли йўлларда ҳаракатланиш тезлиги юқори бўлади.

Тан олиш лозим, ҳозир бизда бу борада етарли тажриба ва соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий асос йўқ. Бу борада, ўзбек мутахассислари томонидан халқаро тажриба ўрганилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2 октябрдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунида ҳам мазкур масала қонуншуносларимиз эътиборидан четда қолган. Шу боис бугун юртимиз мутахассислари Россия Федерацияси, Белорусь, Қозоғистон каби мамлакатларнинг соҳада тўплаган тажрибалари, амалдаги қонунчилигини чуқур ўрганмоқда. Чунки бу — жуда муҳим масала. Агар ҳуқуқий асос яратилмас экан, бирор ютуққа эришиш қийин.


Мақола муаллифи

Теглар

Йўл

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар