Ўзбекистонда қўшни давлатлардан наркотик моддалар олиб келганлар қўлга олинди

3-саҳифа

image

Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларида қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Навоий ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Нуробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи 2003 йилда туғилган шахс жиноий шериги билан тил бириктириб, Тожикистондан олиб келинган 2 кг. 875 гр. “опий” моддасини 40,5 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди. 

Шунингдек, “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt машинаси Жомбой тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Ургут туманида яшовчи 1993 ва 1996 йилларда туғилган 2 нафар шахснинг ёнида 1 кг. 616 гр. “опий” моддаси борлиги маълум бўлди. 

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган Nexia автомашинаси Наманган вилоятининг Поп туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилди. 

Аммо тўхташ жараёнида автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган 1987 йилда Бағдод туманида туғилган шахс автомашина ойнасидан бир дона пакетни улоқтириб юборади. Шундан сўнг, ушбу пакет холислар иштирокида текшириб кўрилганда, унда 1 кг. 915 гр. “гашиш” моддаси борлиги фош этилди.

Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган наркотик моддани олиб кетаётган бўлган. У гиёҳвандлик воситасини 8 минг АҚШ долларига сотиб олган.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1990 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 770 гр. “гашиш” моддасини 7 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди. 

Терговга қадар текширув давомида Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик модданинг ҳақиқий эгаси Фарғона туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро экани аниқланиб, у ҳам ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хоразмда цемент солинган қоплар ичида қарийб 10 кг “опий” наркотик моддаси аниқланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

контрабанда наркотик моддалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made