Ўзбекистон Германиянинг таклифларини қабул қиладими?
Олам
−
22 Май 2019
6346Аввал хабар берганимиздек, Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жорий йилнинг 27-29 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келяпти.
Франк-Вальтер Штайнмайер пойтахт Тошкентда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Ташриф доирасида Хивага сафар қилинади. Тошкентдаги икки томонлама музокаралар ва Хивадаги диққатга сазовор жойларни бориб кўришдан ташқари, Оролбўйи минтақасидаги вазият билан танишиш ҳам киритилган.
Экологияни асраш борасида кўп йиллик тажриба ва янги услубларга эга бўлган Германия, Ўзбекистонга атроф-муҳитни асраш ва инфратузилмани ривожлантириш борасида бир қатор таклифлар киритган. Президентларнинг музокаралари давомида мазкур масалалар ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистонда бир неча бор бўлган ва мамлакатнинг экологик муҳити, иқлими билан яхши таниш мутахассис – Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлигининг Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўлими директори, доктор Юрген Кайнхорст маълум қилди.
Германияда бўлиб қайтган QALAMPIR.UZ журналистига кўра, ушбу вазирлик айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Экология қўмитаси билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улардан бири – Марказий Осиё чўли ташаббуси. Лойиҳа мўътадил чўлларни ҳимоя қилиш ва барқарор ишлатишга қаратилган. Иккинчи лойиҳа – Қуйи Амударё эса Амударёда сув йўқотилиши ва ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетиши хавфи билан боғлиқ.
Кайнхорст ўз сўзида Марказий Осиё минтақасида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, кучли иссиққа тўхталди. “Ҳароратнинг йил сайин юқорилаб бориши аграр соҳада жуда катта муаммоларни келтириб чиқариши билан бирга, йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин”, дейди Кайнхорст.
“Балки сиз ҳам минтақада жойлашган тоғ чўққиларидаги музликлар сезиларли қисқариб бораётгани ва эришини кузатаётгандирсиз. Бу ҳақда қайғуриш, вазиятни ўнглашга ҳаракат қилиш бизнинг бурчимиз. Шу каби экологик муаммоларнинг ечимини топиш ва янги таклифлар бериш идорамизнинг асосий вазифаси. Германия масъулиятни ҳис қилган ҳолда, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр ва бундан манфаатдормиз”, дейди Юрген Кайнхорст.
Германиялик тажрабали мутахассисга кўра, Президент Штайнмайернинг ташрифи, мазкур йўналишда янги имкониятлар ва ҳамкорлик эшигини очади. Бу эса кўпроқ Ўзбекистон тарафининг таклифларни қабул қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги иродасига боғлиқ. У масалага тўхталаркан, Президент Мирзиёев иқтидорга келиши билан Ўзбекистон сиёсатидаги очиқлик яққол кўзга ташланганини қайд этди:
“Биз ҳамкорликка тайёрмиз. Сўнгги қарорни эса албатта Ўзбекистон ҳукумати қабул қилади”.
Эслатиб ўтамиз, Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлигининг Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўлими директори, доктор Юрген Кайнхорст UzWaterAware лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг кўмаги остида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида ўзбекистонлик журналистлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари 4-13 май кунлари Германияда бўлиб қайтди.
Фотомухбир Асқар Якубов
LiveБарчаси