UzAutoMotors автомобиль харидорларига огоҳлантириш билан чиқди

Жамият

image

UzAuto Motors компанияси автомобиль сотиб олиш ниятида бўлган харидорларга мурожаат билан чиқиб, уларни ижтимоий тармоқлар, хусусан онлайн-савдо сайтлари орқали автомобиллар учун тузилган шартномаларни сотиб олишдан сақланишга чақирди. 

Копманиянинг қайд этишича, айни вақттда автомобилларни харид қилиш тартибини соддалаштириш, ушбу жараённинг шаффофлигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш устида мунтазам равишда иш олиб борилмоқда. 

“Айрим шахслар учун олдиндан тўловнинг камайтирилганлиги, шунингдек шартномани онлайн расмийлаштириш имконини берувчи қулай тизимнинг жорий этилиши автомобилни шахсий фойдаланиш учун эмас, балки фақат тижорат мақсадларида (қайта сотиш) сотиб олиш учун ишлатила бошланди”, дейилади компания огоҳлантирувида.

Компаниянинг алоҳида урғулашича, агар бир шахс номига йилига бир хил модель учун 2 тадан ортиқ автомобиль харид қилинса, ҳар бир кейинги автомобиль “навбатнинг” охирига ўтади ҳамда автомобилларни етказиб бериш муддати 120 кунга ошади. Кейинчалик бир киши томонидан бир нечта автомобилларни сотиб олиш амалиёти такрорланган тақдирда, компания истеъмолчилар учун автомобиллар мавжудлигини таъминлаш мақсадида ушбу муддатни 270 кунгача узайтиришни кўриб чиқмоқда. 

“Шу кунларда турли хил интернет реклама эълонлари хизматида (мисол учун, olx.uz) “автомобилни қайта сизнинг номингизга расмийлаштириш ваъдаси” билан тўлови амалга оширилмаган шартномаларни “сотиб олиш” таклифлари пайдо бўлди. 

Эътибор беринг, шартнома “UzAvtoSavdo” тизими томонидан автоматик тарзда тузилади. Ундаги маълумотларни на харидор, на дилер томонидан ўзгартиришнинг имкони йўқ. Қолаверса,  автомобилни олгандан сўнг, тизим харидорнинг иштирокида давлат рақамини рўйхатдан ўтказиш учун Йўл-ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига (ЙҲХДХ) электрон ҳисоб-фактурани юборади”, дейди компания.  

UzAuto Motors харидорлардан эҳтиёт бўлишни ва шартномаларни "сотиб олиш" бўйича шубҳали таклифларга рози бўлмасликни сўрамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

UzAutoMotors

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг