“Бизда терговнинг мавқеи баланд бўлиб кетган”. Сўз Адлия вазирига
Жамият
−
05 Февраль 2020
6142Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов мамлакатдаги суд-тергов масалаларида ўз фикрлари ва таклифларини билдирди. Баъзи жиҳатлар вазир томонидан салбий баҳоланди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг бош юристи 3 февраль куни журналист ва блогерлар билан учрашганда айтиб ўтди.
“Тергов жараёнлари бўйича олсак, бизда тизим ҳақиқатни юзага чиқиши учун изланади. Терговчи ҳам, прокурор ҳам агар шахс айбсиз бўлса, қўйиб юбориши керак. Лекин бошқа давлатларда, масалан Англияда (ADVERSARIAL system) ҳамма исбот учун курашади. Исбот билан мотивация қилинади. Ҳақиқат десак, ҳамманинг ўзини ҳақиқати бор. Бизда терговда “ҳақиқат рўёбга чиқди” дейилади. Шу сабабли, прокурор айблов хулосасини тасдиқлаб бериши керак. Кейин прокурор таъқиб қилиб, давлатнинг қоралов функциясини судда бажариши керак.
Бутун тизимда бу шаклланган. Ҳамма ҳақиқат ортидан қувади. Бунинг натижасида терговнинг мавқеи баланд бўлиб кетган. Адвокатлар ҳам “терговчи бунга эътибор бермаяпти” деб айтиб қолишади. Чет элда хурсанд бўлиб, “терговчи билмагани яхши, судда ютамиз” деб ўтиришади. Чет элда терговнинг устидан шикоят беришмайди. Бизда ҳам худди шунақа бўлиши керак”, дейди Адлия вазири.
Русланбек Давлетов тергов ишларини янада демократлаштириш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашди. Хусусан, вазир суд тергови деган тартибни салбий баҳолади.
“Бизда суд тергови деган нарса бор. Мен ўйлайманки, бу ҳам нотўғри. Суд холис бўлиши керак. Икки томон келяпти. Икки томон позициясини айтиши керак. Айбдорми айбдормасми, деган масала ҳал бўлиши керак. Англияда “jury” деган нарса бор. Бунга ҳам ўтиш керак. Жуда демократик тизим. Чунки халқнинг ўзи айбдор ёки айбдор эмаслигини айтиши керак. Халқ маслаҳатчилари бор, бизда. Бу энди оғир ва ўта оғир жиноятларда иштирок этади. Бундай жиноятлар умумий жиҳатидан 25 фоизни ташкил этади”, деб таъкидлади Русланбек Давлетов.
Вазир ўз нутқида саволга жавоб берар экан, жиноят-процессуал кодексининг 297-моддасидаги норма бўйича мухбирнинг фикрига қўшилишини айтди ва айни вақтда жиноят-процессуал кодекси бўйича алоҳида ишчи гуруҳ тузилганини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида, Жиноят-процессуал кодексининг 297-моддасида жиноятни олдини олиш чораларидан бири суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг тақдимномаси ҳақида сўз боради.
297-моддага кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор жиноят ишини тергов қилиш чоғида жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаб чиқиб, тегишли давлат органига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига, жамоат бирлашмасига, жамоага ёки мансабдор шахсга ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритади. Тақдимноманинг нусхаси ишга қўшиб қўйилади.
LiveБарчаси