Наманганлик ака-сингил ИИБ ходимлари калтаклаганини иддао қилди. Воқеа қандай бўлганди?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Гулмира Илёсованинг Жиззах вилояти Фориш тумани ИИБ ходимлари ўзи ҳамда акаси Мирзаолим Илёсовга тан жароҳати етказганлиги тўғрисидаги видео тарқалди. 

Жиззах вилояти ИИБ мазкур ҳолат бўйича раддия берди ва воқеа қандай бўлгани ҳақида батафсил маълумотни эълон қилди. ИИБ дастлаб видеогача бўлган воқеалар ҳақида маълумот берган.

Унга кўра, жорий йилнинг 5 июль куни Мирзаолим Илёсовнинг 1990 йилда туғилган шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғи Ш.М. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, Мирзаолим Илёсов Ш.М.нинг биринчи турмушидан 2012 йилда туғилган ўғли ҳамда отаси Мирзаолим Илёсов бўлган, 2018 йилда туғилган ўғлига эри мунтазам равишда тазйиқ ўтказганлигини, уларни турли усулларда қийнагаи, жумладан, бошига қайноқ сув қуйгани, болаларни ўлдиришини таъкидлаб келганини билдирган.

Шунингдек, Ш.М. 5 июль куни шаърий турмуш ўртоғи Мирзаолим Илёсов 2018 йилда туғилган фарзандини қасддан ҳашаротларга қарши ишлатиладиган “Нурель” кимёвий воситаси билан заҳарлаганини маълум қилган. Мирзаолим Илёсов ва Ш.М.нинг 2018 йилда туғилган ўғли М.М. заҳарланиши оқибатида Фориш тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ш.М.нинг мурожаати асосида воқеа жойига Фориш тумани ИИБ тергов тезкор гуруҳи етиб борган. Суриштирувлар жараёнида Мирзаолим Илёсов ҳудуд профилактика инспектори томонидан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Бу пайтда Мирзаолим Илёсов маст ҳолатда бўлган. Буни ўтказилган тиббий кўрик ҳам тасдиқлаган.

Тиббий кўрикдан ўтказилган Мирзаолим Илёсов Фориш тумани ИИБга олиб келинган. Лекин Мирзаолим Илёсов ўзини билмайдиган даражада маст бўлгани туфайли сўроқ қилинмаган. 6 июль куни Мирзаолим Илёсов ўзига келгач, сўроқ қилинган. Шу вақтда Мирзаолим Илёсов ўзини ёмон ҳис қилаётганини билдирган. Шу сабабли Фориш тумани тиббиёт бирлашмасида қайта тиббий кўрикдан ўтказилиб, қўйиб юборилган. Тиббий кўрик Мирзаолим Илёсовнинг танасида тан жароҳатлари йўқлигини, амалий соғлом эканлигини тасдиқлаган.

7 июль куни эса мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Фориш тумани прокуратурасига юборилган. Ҳолат прокуратура томонидан ўрганилиб, 5 августда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110- моддаси 2- қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Бошқарма видеодаги ҳолат ҳақида маълумот бериб, бу Мирзаолим Илёсов терговга чақирилганда юз берганини билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 август куни жиноят иши бўйича гумонланувчи Мирзаолим Илёсов сўроқ қилиш мақсадида Фориш тумани ички ишлар бўлимига чақирилган. Миразолим Илёсов соат 18:00 лар атрофида туман ИИБга етиб келган. 

Мирзаолим Илёсов олиб кирилаётган вақтда унинг синглиси Гулмира Илёсова ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаса-да Мирзаолим Илёсовнинг қонуний вакили эканлигини даъво қилиб, тергов ҳаракатларида уяли телефондан фойдаланган ҳолда видеотасвирга олиб иштирок этишини маълум қилган.

Ўз навбатида ички ишлар органлари ходимлари Гулмира Илёсованинг туман ички ишлар бўлимига киришига эътироз билдиришмаган. Лекин уяли алоқа воситасини маъмурий бинога олиб кириш мумкин эмаслигини маълум қилган. Бунга рози бўлмаган Гулмира Илёсова туман ИИБ назорат ўтказиш жойида ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қила бошлаган. Мазкур жараёнда Гулмира Илёсова суриштирувчи ва профилактика инспекторига ташланиб, уларнинг хизмат кийимларини йиртган. Худди шундай суриштирувчининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган.

Табиийки, Гулмира Илёсовага хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканлиги тушунтирилиб, ИИБ биносига кириши кераклиги билдирилганида у ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг Гулмира Илёсова туман ИИБ биносидаги видеокамера кузатуви билан таъминланган махсус хонага олиб кирилиб, суҳбатлашилган. Суҳбат давомида Гулмира Илёсова ИИБ раҳбарлари ва ходимларини уятли ва обрўсизлантирувчи сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ушбу ҳолатлар рўй берган заҳоти вазият туман прокуратурасига маълум қилинган. Воқеа жойига етиб келган прокуратура ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, Гулмира Илёсова туман тиббиёт бирлашмасида тиббий кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик Гулмира Илёсованинг танасида жароҳатлар йўқлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга унга нейроциркулятор дистония ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар қилинган. Аммо Гулмира Илёсова тана аъзолари рентген қилинишига рози бўлмаган. Гулмира Илёсовани шифокорлар кузатув хонасига ётқизмоқчи бўлишганида акаси Мирзаолим Илёсов уни шифохонадан рухсатсиз олиб кетиб қолган.

“Фикримизча, ижтимоий тармоқларда шовқин кўтаришдан мақсад жиноий жавобгарликдан қочишга уринишдир. Нима бўлганда ҳам масалага прокуратура ойдинлик киритади.

Асоссиз материалларни ўрганмасдан ижтимоий тармоқдаги каналларига жойлаётганларга эса эслатиб ўтамиз: ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун қонунда жавобгарлик белгиланган”, дейилади бошқарма хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИБ

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг