Ўзи оч ва бировнинг қўлига қарам бўлган матбуот қандай қилиб эркин ва холис бўлади? – Шайхов

Жамият

“Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари, айниқса, хусусий ОАВнинг кўплари иқтисодий жиҳатдан бирқарор эмас. Уларнинг ҳаммасини тўпласангиз, бир йиллик буюджети “Озодлик”нинг Ўзбекистондан ахборот олиш учун йиллик сарфлаётган 2,5 миллион долларига етмайди”, дейди Қамариддин Шайхов бугунги ОАВ соҳаси ҳақида танқидий фикр юритаркан. 

Хабарингиз бор, куни кеча Тошкентдаги “Hyatt ragency Tashkent” меҳмонхонасида “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов, директор ўринбосари Саида Мирзиёева, парламент аъзолари, Ўзбекистон медиа бозорининг кўзга кўринган вакиллари, давлат органлари матбуот котиблари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мазкур анжуманда QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов сўз олиб, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг ривожланиш тенденциялари ҳақида танқидий фикрларини билдирди. 

“Менга яқинда бир савол беришди: мамлакат Қуролли кучлар ва Мудофаани нимага сақлайди, сизнингча? – Хўш нимага? – Албатта, ташқи бўладиган хавфлардан ҳимояланиш учун. Буни ОАВ мисолида олиб қарасак, бизнинг ОАВнинг генерали, лейтенанти, майори борми? 

Бу саволга менинг жавобим шундай бўлди: биргина “Озодлик”ликнинг Ўзбекистондан ахборот олиш учун ажратган маблағи йилига 2,5 миллион долларни ташкил этса, бизнинг хусусий оммавий ахборот воситаларимизнинг деярли ҳаммасини тўпласа бундай буюджетга эга бўлмаса, бу молиявий ҳолат билан қанақа генерал, қанақа майор, қанақа лейтенант чиқиши мумкин?”

Қамариддин Шайхов сўзида давом этаркан, бу савол билан унга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мурожаат қилганини очиқлади

Журналист охирги икки йилда мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида матбуотга катта эътибор қаратилаётгани, эркинлик берилаётганини қайд этди ва уларни иқтисодий барқарорликка олиб чиқиш учун айрим таклифларни ўртага ташлади. Шайховга кўра, маълум муддат ОАВни солиқлардан озод қилиш уларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. 

“Мен хусусий оммавий ахборот воситаларини бизнес сифатида ҳам, давлат мафкурасини ҳимоя қилувчи восита сифатида ҳам, нодавлат ташкилот сифатида кўрмаяпман. Улар бу борада ҳали ўз ўрнини топмагандек. ОАВ – бизнес бўлиб бизнес эмас. Шуниси аниқки, ОАВ давлат мафкурасини ҳимоя қилувчи энг катта куч ва восита. Ана шу воситадан унумли фойдаланган ҳолда, ОАВга солиқ имтиёзи берилса, яхши бўлар эди. Эндигина оёққа туриб келаётган ОАВга ходимлар учун 24% солиқ тўлаш, рекламадан тушган оз маблағнинг қайсидир қисмини солиққа жамғариш, қийинчилик туғдиряпти. Бунинг ортидан ОАВ мустақиллигини йўқотиб, молиявий жиҳатдан кимнингдир қўлига қарам бўлиб қоляпти. Агар уларга солиқ имтиёзлари берилса, уларни бир ерга тўплаш мумкин ва давлат мана, биз ОАВга эркинлик яратиб бера олдик, деса бўлади. Ўзи оч ва бировнинг қўлига қарам бўлган матбуот қандай қилиб эркин ва холис бўлади?”.

Қамариддин Шайхов микрофонсиз суҳбатларда мамлакатда ОАВ учун ажратилаётган грантларни қайта кўриб чиқиш вақти келганини қўшимча қилади. Унга кўра, мамлакатда ўз ўрнига эга QALAMPIR.UZ, KUN.UZ, DARYO.UZ каби нашрлар аллақачон иқтисодий жиҳатдан барқарор ҳолатга келиб бўлган. “Уларда камида 10-15 нафар ходим ишламоқда. Бироқ, бу нашрлар даромад топиш даражасига 2-3 йил деганда етган. Унгача эса жуда катта маблағлар сарфланган. Ҳолбуки, катта-катта маблағлар сарфланиб, иқтисодий танглик ва етишмовчилик сабаб узоққа бормай, ёпилиб кетаётган оммавий ахборот воситалари ҳам кам эмас”, дейди Шайхов.  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Qamariddin Shayxov

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар