Ўртача маош: Ўзбекистонда қайси соҳада кўпроқ пул топиш мумкин?

Бу қизиқ

image

Статистика агентлиги Ўзбекистонда 2023 йилги ўртача ойлик маошлари қанча бўлгани ҳақида маълумот берди. Маълумотларга кўра, ўтган йилда ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи молия ва суғурта соҳасига тўғри келиб, 13 миллион 323 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек:

  • ахборот ва алоқа соҳаси 10 миллион 602 минг сўм;
  • ташиш ва сақлаш соҳаси 6 миллион 937 минг сўм;
  • саноат соҳаси 5 миллион 622 минг сўм билан ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични қайд этган.

Доимгидек таълим (3 миллион 123 минг сўм) ҳамда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3 миллион сўм) соҳаларидаги ўртача иш ҳақи миқдори бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналардан ўрин олган.

Шунингдек, иш ҳақи Ўзбекистон ҳудудларида бир-биридан фарқ қилишини кўриш мумкин. Масалан, 2023 йилнинг январь декабрь ойларида ҳудудлар бўйича номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида (7 млн 453 минг сўм), Навоий вилоятида (5 млн 887,8 минг сўм), Тошкент вилоятида (4 млн 526 минг сўм), Андижон вилоятида (3 млн 982 минг сўм) ҳамда Бухоро вилоятида (3 млн 883 минг сўм) кузатилган. Энг кам маошлар Наманган (3млн 310 минг), Навоий (3 млн 367 минг) ҳамда Сурхондарё (3 млн 379 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.

Агентлик берган маълумотда фақат Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида номинал иш ҳақи ўртача даражадан юқори эканини, Ўзбекистоннинг қолган барча ҳудудларида ўртача ойлик номинал иш ҳақи даражаси паст бўлиб қолаётганини кўриш мумкин.

Ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Фарғона вилояти (19,1 %), Тошкент шаҳри (18,7 %), Жиззах вилояти (18,1 %), Хоразм вилояти (18 %) ҳамда Самарқанд вилоятида (17,8 %) кузатилди.

Ўзбекистонликлар топаётган даромад истеъмол харажатларини қоплайдими?

Яқинда “Picodi” таҳлилчилари дунёнинг 67 та давлатида энг кам иш ҳақи қандай ўзгаргани, паст озиқ-овқат саватининг энг кам иш ҳақига нисбатини ўрганиб чиққан эди. Унда Ўзбекистон ойлик маоши бўйича энг паст кўрсаткични қайд этди. 

“Тадқиқотда биз аниқ ставкани, яъни ходимларнинг қўлларида оладиган пулни кўриб чиқамиз. Биз тадқиқ этган аксарият мамлакатлар (67 тадан 58 таси) 2023 йил январидан бошлаб энг кам иш ҳақини ўзгартирди”, деб ёзади тадқиқотчилар.

Улар Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 14,1 фоизга ошиб ва 922 950 сўмга (75 доллар) етганини қайд этган. Тадқиқот натижаларида фақат Африканинг Нигерия мамлакатида ойлик маоши Ўзбекистондан кам эканини кўриш мумкин.

Иккинчи жадвалда эса, қайси мамлакатлар аҳолиси фақатгина озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун ойлик маошининг қанчасини ишлатиши таҳлил қилинган. Тадқиқот учун шартли озиқ-овқат савати тузилган, унга нон, сут, тухум, гуруч, пишлоқ, гўшт, сабзавотлар ва мевалар киритилган. 

Таҳлил натижаларига кўра, ўзбекистонликлар бир ойлик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун ойлик маошининг 96,1 фоизини сарфлашига тўғри келади. Яъни ўзбекистонликлар топадиган даромадга нисбатан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари жуда қиммат.

Яқинда Статистика қўмитаси Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдорини 621 минг сўм деб эълон қилган эди.

Моҳинур Маматова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон маош ўртача ойлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг