82 ёшли онахон коронавирусни қандай енгганини айтиб берди

Интервью

image

Олма-отада истиқомат қиладиган 82 ёшли Нурбаги Капасова COVID-19 дан даволаниб, оиласи бағрига қайтди. 

Февраль ойида онахон қариндошларникида ўтадиган тўйда қатнашиш учун Нур-Султонга шаҳрига келган. Тўй март ойида бўлиши керак эди. Бироқ, қариндошлардан бирида коронавирус инфекцияси аниқланди. Фавқулодда вазият туфайли тўй бекор қилинди, 22 март куни эса онахон карантинга олинди. 

Шифохонада онахоннинг коронавирус тести ижобий натижа кўрсатди. Бошида касалликнинг ҳеч қандай аломатлари сезилмаган. Кейинчалик пневмония ва юқори иситма пайдо бўлди. “Спутник” нашри касалликни енгиб ўтган 82 яшар онахон билан суҳбатлашди. 

“Ҳаммаси бўлиб шифохона 20 кун ётдим. Жуда оғир кунлар бўлди. Шу пайт мен бу ердан умуман чиқмайман, фарзандларим, невараларимни кўрмайман деб ўйлагандим. Ахир ёшим 82 да. Шифокорлар даволашди, қўлидан келган барча ишни бажаришди. Аллоҳга шукур, ҳаммаси ортда қолди”, дейди онахон.

Вирусга қарши кучли препаратлар туфайли унда ошқозон-ичак тракти бузилиши, подагра ёмонлашди, ҳануз унинг таъсири сезилмоқда.

“Коронавирус туфайли сурункали касалликлар безовта қилишни бошлади – оёқ ва бўғинларим зирқираб-зирқираб оғрийди. Уйга қайтдим, юра олмаяпман, бироқ болаларим олдига қайтганим учун хурсандман”, дейди у.

COVID-19га чалинишдан аввал аёл сурункали нафас йўлларининг яллиғланиши ва гипертония билан оғриган.

“Айни дамда шифокорлар туфайли соғлиғим нисбатан яхши, менга қараган шифокор ва ҳамширалардан жуда миннатдорман. Айниқса, Собир исмли шифокорни алоҳида айтишим мумкин”, дейди онахон.

Нурбаги Капасованинг таъкидлашича, касаллик қанчалик оғир бўлмасин, энг муҳими сабр-тоқат қилиш, "ишониш ва чидаш" керак, шунда касалликни енгиш мумкин.

Маълумот ўрнида, айни вақтда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар 979 кишини ташкил этмоқда. Беморларнинг 12 нафари вафот этган, 138 киши соғайган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Нурбаги Капасова Коронавирус Қозоғистонда

Баҳолаганлар

432

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг