Зангиотадаги маҳаллада 10 ойдирки электр токи йўқ. 10 ойдирки улар Президентни кўрмайди
Таҳлил
−
20 Июнь 2019
8779QALAMPIR.UZ таҳририятига Зангиота тумани, “Қатортол” ҚФЙ, “Ибратли” боғдорчилик, узумчилик ширкатидаги (БУШ) аҳоли вакилларидан шикоят келиб тушди.
Унга кўра, дала ҳовлиларда истиқомат қилувчи аҳоли қарийб 10 ойдан буён электр тармоғидан узиб қўйилган.
Мазкур дала ҳовлиларнинг бирида 25 йилдан буён истиқомат қилувчи Жўра Комиловнинг сўзларига кўра, шу маҳалгача электр тармоғи бунчалик узоқ муддатга узиб қўйилмаган.
“Кўчамизда 46 та хонадон бор. Бизнинг дала ҳовлилар маҳалла типига ўтказилмаган, шунга қарамай, бу жойдаги оилаларнинг барчаси доимий истиқомат қилиб келмоқда. Кўчамизда барча муаммоларни ўзимиз ҳал қилишимиз керак, бунга бошқа давлат ташкилотлари аралашолмайди. Маҳалламизга Гулжамол Ортиқова ва Муқаддам Аюпова раислик қилган вақтда, улар одамларнинг пулини олиб, ўз мақсадлари учун ишлатиб юборган. Кимни қанча қарзи борлигини ҳам билмаган. Электр узиб қўйилгандан кейин икки аёл ҳам мени айбим йўқ, деб қутулган. Мана, Муқаддам Аюпова бу ердан кўчиб кетди, мен қарзим бўлмаса-да, чироғимиз ёниши учун 2 миллион сўм тўладим. Неча йиллар давомида йиғилаётган қарзга Мажбурий ижро буюроси Зангиота туман бўлими бефарқ қараган. Уйимизга ток ишлаб чиқарадиган ускуна олиб келиб қўйганман, лекин у ҳам доим ишламайди. Ҳар ойда бензин учун 400-500 минг пул сарфлайман. Биз мана шу икки раис сабаб йиғилиб қолган қарзни тўлаяпмиз, Худо йўлига, яна етмаганига беришга розиман, фақат ҳаммани тармоғи алоҳида бўлса бўлгани. Шаҳар яқинида яшасак-да, ўз ҳолимизга ташлаб қўйилганимиз тўғрими?”, деди Жўра Комилов.
Биз ушбу ҳолат юзасидан Жўра аканинг хонадонидаги шароит билан яқиндан танишдик.
Ушбу дала ҳовлида истиқомат қилувчи Лобар Алиеванинг ҳам эътирозларини тингладик.
“2018 йил 13 сентябрдан буён чироқ йўқ, ёш болаларим билан жуда қийналиб кетдим. Зулматда яшаётганга ўхшаймиз. Болаларимнинг кийимлари дазмолланмаган ҳолатда мактабга жўнатаман. Қиш бошланмасдан электр тармоғи узиб қўйилгани сабабли жуда қийналдик. Болаларимизни на чўмилтироляпмиз, на дарсини қилдироляпмиз... Шам ишлатишга мажбурмиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига, Бош прокуратурага мурожаат қилдик, бормаган жойимиз қолмади. Ҳеч ким бизга ёрдам бермади. Мажбурий ижро буюроси Зангиота тумани бўлимига мурожаат қилганимизда, улар биз ҳудудингизга киролмаймиз, ҳеч нарса қилиб бермаймиз деб айтишди”, деди Лобар Алиева.
Дала ҳовлида яшовчи Маҳмуда Аъзамова ҳам суҳбатимизга қўшилди.
“Яшаш қийин, шароит йўқлиги учун онамизникига кетиб қоламиз. Ҳеч қайси ташкилот ишимизни ҳал қилиб беролмади, янги раисимизнинг бу масалани ҳал қилишга кучи етмаяпти. Қарздорлик кимдалиги ҳам аниқ эмас. Қарзни тўлайдиганлар билан, тўлолмайдиганлар ҳам бор. Қарздорлик ҳисобига чироқсиз ўтирибмиз. Ҳар биримизнинг хонадонимизда ҳисоблагич алоҳида бўлгани билан, ҳаммамиз кўчанинг бошидаги (ҳисоблагич) қарздорлик бўйича тўлашимиз керак бўляпти. Шунинг учун ҳам, шу вақтгача электр таъминотидан узилганмиз. Нима учун кимнингдир қарзини тўлашимиз керак. Бизни устимиздан Зангиота тумани Мажбурий ижро буюроси тумандаги Ички ишлар бўлимига ёзиб юборди. Менинг қарзим эмас, аҳолини қарзи, электр пули ўғриланган, деб шикоят қилган. Нега Мажбурий ижро буюроси ҳақ бўлса, хонадонма-хонадон юриб қарздорни аниқлаб бермаган? Умумий қарз бўлинган бўлса ҳам ҳамма ҳали тўламади”, дейди Маҳмуда Аъзамова.
Мазкур ҳолат юзасидан, QALAMPIR.UZ мухбири “Ибратли” боғдорчилик, узумчилик ширкати Жуманқул Дурматов балан боғланди.
“Дала ҳовлидагилар трансформатор ичидаги битта ҳисоблагичга пул тўлаймиз. Ўша тармоқдан аҳолига тарқалади. Бу масала билан мендан олдин раис бўлган Гулжамол Ортиқова ва Муқаддам Аюпова шуғулланган. Қўлдан-қўлга ўтган чоғда қарздорлик мавжуд бўлган. Гулжамол Ортиқова раис пайтида 19 миллион қарздорлик бўлган. Муқаддам Аюпова раислиги чоғида 30 миллионга етган. Буни раисларга маълум қилишган, аҳолига айтилмаган. Мажбурий ижро бюроси вакиллари келиб электр тармоғидан узиб кетди. Мен ўша пайтда маҳалла раислигини олмагандим.
Аҳоли билан Мажбурий ижро бюросига борганимизда, қарзларингни узинглар, кейин ёқамиз дейишди. Маҳалладагилар билан мажлис ўтказдик. Гулжамол Ортиқова ва Муқаддам Аюповадан нима сабабдан бундай бўлганини сўраганимизда, иккиси айбни бир-бирига ағдарди. Чунки бизда электр масаласи билан улар шуғулланишган. Маҳалла муҳрини ҳам жуда талашишди. Кейин мен маҳалладагиларнинг илтимоси билан раисликни олдим. Аҳоли билан биргаликда икки раис устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилдик. Лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Иш бошлаганимдан кейин, аёлларни аралаштирмай, эркаклар билан мажлис қилдим. Умумий қарздорликни ҳаммага бир хилда бўлиб ташладик. 700 минг сўмдан тўғри келяпти. Кўпчилик бу пулни тўлади. 20 га яқин оила тўламаяпти. Бундан икки йил олдин эски трансфарматорни ўзим янгилаганман. Биз ҳозирда ҳар бир хонадон тармоғини алоҳида қилишни ўйлаяпмиз. МИБга электр тармоғидан ўчиргандан кейин 2 миллиондан ошиқ жарима пулини тўлаш керак экан. Ўша пул тўланди. МИБ бошлиғи билан гаплашганман, сиздан бир вакил олиб кимни қанча қарзи борлигини аниқлаймиз, 30 миллион қарзни тўлаймиз, янги трансфарматорни қўясиз дедим, хўп деди. Ҳозирда газ индивидуал ишлайди – кимнинг қарзи бўлса узади, кетади.
Энди электр тармоғини ҳам шундай қилмоқчимиз. Мен электрик бўлмасам. Менга сиз мухбирлар ҳам ёрдам беринг шу масалада. Маҳалла бошидаги боғ эгаси инсонпарварлик юзасидан электр тармоғига 10 миллион сўм тўлаб бермоқчи эди, 2 миллионини тўлади, 8 миллионни тўлаб берса, биз ҳам йиғиб-тўлаб чироғимизни ёқтирардик. Биз ҳам икки аёлни қилган ишларидан жабр кўряпмиз. Раис Аюпова дала ҳовлисини сотиб кўчиб кетди. Ҳозир ҳаммаси ўзимга қолиб кетган", деди Жуманқул Дурматов.
Мазкур ҳолат юзасидан, QALAMPIR.UZ ижодий гуруҳи Зангиота тумани Мажбурий ижро бюросига борди. Келганимизни маълум қилганимиздан сўнг, улар бизни анча вақтгача куттиришди, ташрифимиз уларни бироз чўчитди ҳам. Зангиота тумани МИБ бўлим бошлиғи ўринбосари Рустам Алиев бизга қуйидагиларни маълум қилди:
“Бу масала билан биз шуғулланмаймиз. Бизнинг вазифамиз қарздорлик бўлса, электрни узиш. Муаммони аҳолининг ўзи ҳал қилиши керак. Бу масалалар билан ҳокимият томонидан тайинланган Боғдорчилик-узумчилик ширкати(БУШ)даги дала ҳовлилар масалалари билан шуғулланувчи масъул Алишер Иноғомовга мурожат қиласизлар, бу билан улар шуғулланиши керак”.
Тўғри-да, ўзидаги мавжуд муаммоларни бартараф этолмаган раҳбар қандай қилиб, бошқаларга ёрдам бериши мумкин?
Мазкур ҳолат юзасидан, QALAMPIR.UZ ижодий гуруҳи Зангиота тумани Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази раҳбари (Зангиота туман ҳокимлиги дала ҳовлилар масалалари бўйича масъул) Алишер Иноғомовдан ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида маълумот олди.
“Бу масала юзасидан менга эмас, туман электр тармоқларига мурожаат қилиш лозим. Дала ҳовлилар электр тармоғи билан шартонома асосида таъминланади. Эшитишим бўйича, дала ҳовлиларнинг электр тармоғидан қарзи бор. Уларни муаммосини ечишга ҳаракат қилдик. Дала ҳовлидаги фуқаролар ҳокимиятга мурожат қилган. Мажбурий ижро буюросига бу ҳақда топшириқ берилган. Улар томонидан бўлиб тўлаб берилса, майли ёқамиз деб жавоб берилган. Аниғини билмайман. Бу ширкат раисининг гапи. Лекин, маҳалла фуқаролари шуни ҳам тўлашмаяпти. Маҳаллада ҳамжиҳатлик йўқ, аҳиллик йўқ. Биров тўлай олмайман дейди, бошқалари тўлаймиз дейишяпти. Қарзни тўламасдан муаммони ҳал қилиш қийин.
Мени бу ерда алоқадорлигим фақат юридик ширкатларни давлат рўйхатидан ўтказиш. Мен уларни давлат рўйхатидан ўтказганман. Бизда муаммо йўқ. Юридик шахслар йиғилиш асосида муаммони бартараф этиши керак. Электр таъминотидан вақтида узилмаган. Шу сабабли, аҳоли шу аҳволга келиб қолган. Халққа ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Лекин одамлар қарзларни тўлолмаяпти. Уларнинг трансформатори ширкат балансида, бунга юридик шахс жовобгар. Электр тармоғи давлат балансида эмас. Трансформаторга кирган электр энергияси учун аҳоли қарзини тўлаши керак. Агар бу жойлар якка тартибдаги уй-жойлар бўлганда эди, алоҳида икки томонлама шартнома тузиларди. Ўша қарзини тўламаётган хонадонлар электр тармоғидан узиларди. Булар юридик шахс бўлгани учун битта трансформатордан ҳамма фойдаланади.Муамони умумий йиғилиш билан ҳал қилишлари керак. Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун ҳаракат қилиши керак. Бир неча бор у ерга бориб, масалани ечишга ҳаракат қилдик. Фойдаси бўлмади. Мажбурий ижро бюросига хат билан чиқиб, вақтинчалик чироқни ёқиб бериш масаласини кўришимиз мумкин. Мени соҳамга алоқаси бўмаса-да, Мажбурий ижро бюросидан улатиб бериш чораларини кўрамиз”, дейди Алишер Иноғомов.
Отанга бор, онанга бор
Мутасаддилар ҳали ҳам нимаики муаммо бўлмасин ўзидан соқит қилишга уринишади. Бу орада аҳоли сарсон, журналист сарсон. Бирор мард чиқиб кел шу масалани мен ечиб берай демайди. QALAMPIR.UZ мухбири "Тошкент ҳудудий электротармоқ корхонаси" АЖ Зангиота туман бўлими раҳбари Бекзод Алиматов балан телефон орқали боғланди.
Шу раҳбар муаммони аниқ бартараф этади-ёв, деган ўй хаёлимиздан ўтди. Яна ўша таниш ҳолат, муаммо четда қолиб ўзгага ақдариш, барака топ-эй, дегинг келади.
“Дала ҳовлидаги чироқ қарздорлик ҳисобига ўчирилган, аҳоли кўп жойларга мурожат қилган, вазият Мажбурий ижро буюроси Зангиота тумани бўлимининг қўлида. Уларнинг қарзи бўлса, мен нима қилиб беришим мумкин. 10 ой давомида 1-2 миллиондан тўлаганда ҳам тўлаб қўйишарди, лекин улар тўлашмаяпти. Бу жой миллион йилдан буён Боғдорчилик-узумчилик ширкати бўлиб келган. Ушбу ширкатлар доимий яшаш учун мўлжалланмаган, аҳоли эса доимий яшашга ўтиб олган. Маҳалла мақоми берилгандан кейин, ҳар бир оилани электр тармоғини алоҳида қилиш мумкин. Бунинг учун Зангиота туман ҳокимининг қарори керак, ўшанда ҳам қарздорликдан ҳалос бўлгандан сўнг бу ишни амалга ошириш мумкин. Бу муаммо ҳамма БУШда бор, кўп маротаба муҳокама бўлган, аммо менинг қўлимда эмас. Бу ишларнинг бошида туман Мажбурий ижро буюросининг раҳбари (Асилбек Усмонов) турибди. Ҳамма нарсани бошлаб қўяди-да, бир четда томоша қилиб ўтирадиган одам. Қўйинг бу ерда ўзи бой одам турмайди десам, унга бунақа деб, бунга бунақа деб ўчиртирган. Йигирма миллион қарзи бўлса, 10 миллион, 10 миллион қарзи бўлса 5 миллионини тўласин, деб айтган эди. МИБ томонидан ёқишга рухсат этилсин, деб ёзиб беришса, ўша ҳужжатга асосан ёқиб беришим мумкин. Чунки электрни ўчириш, ёқиш тўлиқ МИБга ўтиб кетган. Биз бирор ташкилотнинг қарзи бўлса ҳам ўчириб қўйишга ҳаққимиз йўқ”, дейди Бекзод Алиматов.
Кўриб турганингиздек, вазият жуда чигал, шаҳардан узоқ бўлмаган ҳудудда аҳвол мураккаблигича қолмоқда. Юзага қалққан масала аслида неча йиллардан буён газак отиб келаётган муаммо-ку аслида. Хўп, маҳалла аҳли аҳил эмас экан, мансабдорлар нега аҳиллик билан бу масалани ҳал қилишга бош қўшмайди. Чунки, уларнинг ўзи ҳам, ана шундай тарқоқ. Отангга бор, онангга бор қабилида иш кўришга одатланиб қолган.
Аҳолига ҳеч қандай ёрдам берилмаган, қоғозбозликдан нарига ўтилмаган, деса ҳам бўлаверади. Аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Бош прокуратурага ёзган аризалари ҳали-ҳамон қаноатлантирилмаган. Аҳвол ўша-ўша, мавжуд қарзга фоиз ойма-ой қўшиб бориляпти. 10, 20, 30 миллион, яна қанча давом этиши мумкин?
Энди Мажбурий ижро буюроси Зангиота туман бўлими фаолиятига бир назар ташласак. Нега собиқ ширкат раисларининг шу вақтгача тўпланган қарзлари учун МИБ туман бўлими электр тармоғидан уларни эртароқ узиб қўймади? Бу қарздорлик ҳисобидан улар ҳам манфаатдор бўлмаган, деб ким айта олади ёки бу уларнинг масъулиятсизлигиданми? Ишга ўз вақтида эътибор беришмаганиданми? Яна ким билади...
Уларнинг вазифасига тўғри ёндашмагани учун нега чора кўрилмади? Ахир бу дала ҳовлида яшовчи ширкат аъзоларининг вазифасига кирмайди-ку. Мажбурий ижро буюроси Зангиота туман бўлими ўз вақтида бу ҳолатнинг олдини олганида эди, аҳвол шу даражага етмаган, қарздорлик ошиб-тошиб кетмаган бўларди. Қайси ташкилотга бормайлик, бу бизнинг ишимиз эмас, бизнинг бунга алоқамиз йўқ деб жавоб беради. Мазкур ҳудудда яшайдиган аҳоли нима учун ўз қарзи бўлмаган ҳолда бошқалар қарзини тўлаши керак? Емаган сомсанга пул тўлаш, деб шунга айтишади-да.
Чироқни ўчиришдан осон нарса йўқ аслида. Уни ортидан келиб чиқаётган муаммоларга унчалик ҳам кўп бош қотирилмаяпти. Аҳолини жамиятдан узилиб қолган, деб таърифланса ҳам бўлади. Аниқки, ҳамма телевизиор, радио эшитмайди. Интернет тармоғидан узилган, дунёда, ҳатто мамлакатда нима янгиликлар юз бераётганидан ҳам бехабар. Оилалар тарқаб кетмоқда.
Иссиқ кунлар ҳам аллақачон бошланган. Ҳозир қишлоқларда ҳам фойдаланилаётган музлатгичлардан шаҳардан узоқ бўлмаган жойда яшовчи аҳоли мосуво. Ушбу дала ҳовлиларда яшовчи фуқаролар ўз муаммосини ҳал қилолмагани учун ҳам давлат ташкилотларига мурожаат қилган. Келинг, уларга биргалашиб ёрдам берайлик, Чунки, ҳамма иллатлар бефарқликдан, лоқайдликдан келиб чиқади. Аммо олган жавоби...
Оғриқли жиҳати 10 ойдирки, бу ҳудудда яшаётганларнинг кийимларига дазмол урилмайди, 10 ойдирки, уйларда иссиқ сув йўқ, 10 ойдирки, музлатгич ишламайди, 10 ойдирки, улар Президентни кўрмайди, давлатдаги ўзгаришлардан бехабар. 10 ойдирки, ТВ кўрмагани сабаб Тошкент вилоятига янги ҳоким тайинланганини ҳам билмайди. Уят эмасми?
QALAMPIR.UZ таҳририятининг қуйидаги ташкилотлар:
– Зангиота тумани ҳокимияти;
– Мажбурий ижро бюроси Зангиота тумани бўлими;
– Зангиота туман прокуратураси;
– Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани суди;
– Тошкент ҳудудий электротармоқ корхонасига саволи бор: сиз зулматда неча кун яшай оласиз? Ушбу масалани ҳал қилишингиз учун яна қанча сабаб, сабр, вақт керак?
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь