Утилизация йиғимидан тушадиган пуллар қаерга кетади?
Жамият
−
25 Июнь 2019
5371Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида эскирган, фойдаланишга яроқсиз техникалар кўпайиб кетган. Бу ҳақд “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ мутасаддилари Матбуот анжумани вақтида маълум қилди.
"Ўзагротехсаноатхолдинг" акционерлик жамияти бошқарма бошлиғи Ҳасан Насибовнинг таъкидлаича, машина трактор парклари балансида ёки кимларнингдир уйида эски тракторлар турибди, тагига кунда қўйиб кўтариб қўйишган, ғилдираклари ҳам йўқ. Металлоломга ҳар килоси учун ўртача 1,5 минг сўмдан топширса, 2 тоннасига 3 млн сўм олади. Лекин ичидаги деталлари яроқли ва металлари бутун бўлиши мумкин. Бу металларнинг ҳар бирини ўз қийматида харид қилинишини таъминлаш керак, бу осон иш эмас.
“Ҳамма жойда эски қишлоқ хўжалиги техникалари тўлиб кетди, Энди ҳозирги ҳолатда нима бўлади? Қишлоқ хўжалиги техникаси бор одам утилизация йиғими пунктига келади, техникасини топширади. Истаса, техника қийматига тенг пулни қабул қилиб олади. Хоҳласа, фоизли чегирма асосида янги қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиши мумкин бўлади”, деди Ҳасан Насибов.
Утилизация пункти ташкил этилиши натижасида янги иш ўринлари яратилиши, бу инвестиция ва юқори технологияларни талаб қилиши қайд этилди.
“Мамлакатимизда 200 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд бўлса, шунинг 65 фоизи яқин йиллар ичида эксплуатацион муддатини ўтайдиган машиналар ҳисобланади, — деди "Ўзагротехсаноатхолдинг" акционерлик жамияти бошқарма бошлиғи Умид Ражабов. — Масалага иқтисодий нуқтаи назардан қарайлик. Бизда 1 гектар ердан олинадиган ҳосил учун сарфланаётган солярка миқдорининг ҳисоб-китобини қилсак, маҳсулотнинг таннархи кескин ошиб кетаётганига гувоҳ бўламиз. Механизациялашув даражаси юқори бўлган Европа ёки МДҲдаги бошқа давлатларга нисбатан мамлакатимизда маҳсулот таннархи баланд бўлиб бораверади. Биз нафақат техникаларнинг, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳам жаҳон бозоридаги рақобатдардошлиги ҳақида ўйлаб кўришимиз керак”.
Маълум қилинишича, утилизация йиғими учун бир марта тўлов қилинади. Қонун лойиҳасида дипломатик корпуслар вакиллари утилизация йиғими тўлашдан озод этилгани белгиланган.
“Агар сиз маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулотларини харид қилмоқчи бўлсангиз, утилизация йиғимини сиз тўламайсиз, сиз учун ишлаб чиқарувчи тўлайди. Агар импорт техникаларни олмоқчи бўлсангиз, ўзингиз тўлов қиласиз”, деди Ҳасан Насибов.
Мутасаддилар фойдаланишга яроқсиз техникаларнинг табиатга зарарини камайтириш келгусида республика бюджетидан катта маблағ талаб этишини таъкидлади. Ушбу маблағларни қоплашда қишлоқ хўжалиги техникалари учун утилизация йиғимларини жорий қилиш мақсадга мувофиқ экани айтилди.
“Мақсад бюджетни тўлдириш эмас, йиғим пуллари алоҳида жамғармага келиб тушади. Ва улар утилизация билан шуғулланадиган корхоналар фаолиятига йўналтирилади. Ҳозирча бундай корхоналар йўқ. Лекин қонун қабул қилингандан сўнг утилизация ишлари билан шуғулланувчи корхоналар ташкил этилади. Ўйлайманки, тадбиркорлар бунга қизиқиш билдиришади” деб қайд этди Ҳасан Насибов.
LiveБарчаси