...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов Уругвай билан ўйнаган Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида гапирди


15:58, 08.06.2018 Спорт
 8 740

“Топ термаларга қарши ўйинларни легионерларсиз ўтказганимизни унутмаслик керак”, деди Аҳмаджонов.

Уругвай ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинидан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У ўртоқлик учрашуви давом этаётган вақтда Япония пойтахти Токиода бўлиб турганди.
 
“Ўйинни томоша қилдим. Уругвайдек топ жамоага қарши ёш футболчиларимизнинг қандай ҳаракат қилишини кузатиш ҳамма учун қизиқ эди. Қолаверса, бундай кучли жамоалар билан ҳар доим ҳам ўйнайвермаймиз, бу тарихий ўйин. Зеро юртимиз мустақилликка эришиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси халқаро майдонда ўйнай бошлаганидан буён ҳали ушбу даражадаги терма жамоалар билан на ўртоқлик ва на расмий учрашувда майдонга тушган эдик.
 
Натижа биз учун кўнгилсиз эмас. Чунки Уругвай вариантида тўхталаётганимизда ҳам натижа ҳақида ўйламаганмиз. Бизга халқаро тажриба ва кучли мактаб керак. Уругвай бу борада жуда яхши танлов эди. Ўйлашимча, биринчи бўлимда футболчиларимиз кутилганидан-да яхшироқ футбол намойиш эта олишди. Иккинчи 45 дақиқаликда эса деярли барча жабҳаларда имкониятни бой бериб қўйдик. Уругвай термаси биринчи бўлимдаги қарши ҳужумни муваффақиятли якунлай олган бўлса, иккинчи бўлимда ҳисобни йирик кўринишга олиб келганди.
 
Агар мана шундай рақиблар билан тинимсиз кураш олиб бориш имконияти бўлса, йигитларда ҳам кўникма шаклланади. Бора-бора ишонч ортиши, майдондаги тенг курашлар дақиқаси босқичма-босқич кўпайиб бориши мумкин. Гарчи Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаган бўлсак-да, Сенегал, Марокаш, Уругвай каби термалар билан ўйнаб, потенциалимиз борасидаги тасаввурларимизни бир қадар бойитдик. ЎФА шу йўлида давом этади ва ўртоқлик ўйинларини мунтазам ташкил қилиш учун ҳаракат қилади.
 
Уругвай — Ўзбекистон ўйинини “Спорт” телеканалидан ташқари, Россия каналлари ҳам эфирга жонли узатди.
 
Нимага деганда Уругвай ЖЧ—2018 да Россия билан бир гуруҳдан жой олган. Шунчаки россиялик шарҳловчиларнинг ўзимиз ҳақимиздаги фикрларини билиш учун ўйинни Россия каналидан кузатиб бордим. Уларнинг ёш футболчиларимизга, Осиё Чемпионатидаги натижамизга бўлган ижобий фикрлари хурсанд қилди. Кимдир айтиши мумкин, ўша Осиё Чемпионати керак эмас дея. Йўқ, мен бунга қўшилмайман. Шундай мусобақалар ўзимизга бўлган ишончни ошириб олиш учун, футболчиларимиз кўзига ўтни қайтариш учун ҳам керак. Ҳақиқий мусобақалар ҳали олдинда эканини биз ҳам билиб турибмиз ва шунинг учун ҳам тайёргарликни Хитойдаги мусобақадан бошлаган эдик. Олдинда Ўзбекистон термасини Осиё Ўйинлари, келаси йилнинг январида эса Осиё Кубоги кутиб турибди.
 
Биз топ термаларга қарши ўйинларни легионерларсиз ўтказганимизни унутмаслигимиз керак. Куздан бошлаб ҳар ойда ФИФА кунлари бор. Бу таркибга Аҳмедов, Шомуродов, Ҳамдамов, Шукуров, Денисов кабилар қўшилса, биз янада кучайишимизни тасаввур қилиб кўринг. Шундай жамоа тузишимиз керакки, Осиё Кубогида Японияга ҳам, кейинроқ бошқа жамоаларга ҳам бемалол тик боқа олайлик”, дейди Умид Аҳмаджонов.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Уругвай Ўзбекистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

толиб
10:59 09.06.2018

Уругвай билан уйинни ким курган булса айтсин ўзимизни футболни савияси пастлигини дунёга курсатиш шартмиди қуруф ҳаражатдан бошқа нарса эмас бу



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!