Сенатда ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди
Жамият
−
04 Апрель 2020
5574Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик истиқболларини ҳамда ушбу хамкорликнинг мамлакат миллий манфаатларига таъсирини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш бўйича махсус Ишчи гуруҳи тузилди. Бу ҳақда юқори палата Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида қайд этилган топшириқ ва кўсатмалари асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган таклифлар ҳамда мазкур масалага оид бошқа материалларни чуқур ўрганади, уларнинг кенг муҳокамасини ташкил қилади ва ўзининг хулосасини тайёрлайди.
Бунда ЕОИИга аъзо давлатлар тажрибаси, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириши, эркин савдо режимининг амалиёти каби қатор истиқболли имкониятлар батафсил ва атрофлича тахлилдан ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Ўрганиш жараёни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда республиканинг мутасадди вазирлик ва идоралари билан яқиндан ҳамкорликда ташкил қилинади.
Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЕОИИ билан ҳамкорликнинг ижобий ва салбий томонларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганди.