“Барселона” президенти: “Мен нима бўлганини билмайман”

Спорт

image

“Барселона” клуби президенти Хосеп Мария Бартомеу жамоанинг Чемпионлар лигаси ярим финалида “Ливерпул” га қарши иккита учрашувдан сўнг ўз жамоасининг турнирни тарк этиши ҳақида гапириб ўтди.

- Нима бўлганини билмайман. Бизда ҳаммасини ўйлаб кўришга вақт бўлади. Мухлислардан узр сўрайман, айниқса, жамоа билан бирга келган мухлислар олдида айбдормиз.  Ўтган йили Римда нима содир бўлган бўлса, бу сафар воқеа Ливерпулда такрорланди, – деган Marca нашрига Хосеп Бартомеу. 

Эслатиб ўтамиз, 2014-2015 йилги мавсумда “Барса” футболчилари УЕФА Чемпионлар лигасида зафар қучганди. Ўшандан буён жамоа, ҳар сафар финалга бир қадам қолганда турнирни тарк этмоқда. 

Ўзининг юксак чўққисига чиққан, ҳатто “ПСЖ”ни ўз уйидаги “камбек” орқали тиз чўктирган Каталония жамоаси ўша вақтда ҳам финалга чиқа олмаганди. 

Ўтган йилги мавсум ва ниҳоят, “Барса” финалга чиқишига барча ишона бошлаган, ўз уйида “Рома”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, Римга бошини баланд кўтарганча борган эди. Аммо, римликлар рақибини аяб ўтирмади, қақшатқич қасос олди. Таблода 0:3 ҳисобини кўрган католонияликлар бошини эгганча турнирни эрта тарк этганди. 

Бу йилчи, финалга бир қадам қолганди. “Камп Ноу”даги Мессининг кўрсатган кароматлари олдида гўёки, инглиз жамоаси тиз чўктирилган эди. Жавоб ўйини олдидан жамоанинг асосий футболчилари Салоҳ ва Фирмино жароҳати сабаб майдонга туша олмади. Аммо, бу кеча Клоппнинг топқирлигию, Ориги ва Вейналдумнинг дубллари “ўзга сайёралик”ларни ерга тушириб қўя қолди. 

“Ливерпуль” доимо жанг қилган. У жамоа танламайдиган клуб. Бу ўз исботини топди. 

Ҳали футболга “камбек” ибораси кириб келмаган 2004-2005 йилги мавсумни эсланг. Ўшанда ҳам “Ливерпуль” “Милан”дан биринчи таймдаёқ учта гол ўтказиб юборганди. Иккинчи тайм эса “Ливерпул”га аталди. Ўйиннинг асосий вақтида дурангга эришган жамоа, пеналтилар сериясида миланликлардан устун келган эди. 

Жамоа финалларда қандай ўйнашни билади. Бугун, “Аякс” ва “Тоттенҳем” баҳсига гувоҳ бўламиз. Иккинчи финалчи ҳам анойи жамоа бўлмаслиги аниқ. Кўрамиз, кузатамиз.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ливерпул Барселона

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг