Улуғбек Рашидов 2 йилга дисквалификация қилинганига изоҳ берди (видео)
Спорт
−
12 Июль 12677 2 дақиқа
Икки карра олимпиада чемпиони Улуғбек Рашидов 2025 йил 13 майдан бошлаб 2027 йилнинг 12 майигача икки йил муддатга мусобақалардан четлатилгани ҳақидаги хабарларга ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муносабат билдирди.
“Ассалому алайкум, азиз дўстлар. Кўпларингиз эшитган бўлсангиз керак, мен икки йилга дисквалификация қилиндим. Лекин мен бир нарсани аниқ айтмоқчиман: бу дисквалификация тақиқланган дори воситаларини қабул қилганим учун эмас, балки жойлашув бўйича қоидаларга риоя қилмаганим учун берилди. Бу мен учун оғир, лекин сабоқли бир тажриба бўлди. Биз янада кучлироқ бўлиб қайтамиз, Худо хоҳласа. Менга ишонган ва қўллаб-қувватлаган барчага чексиз миннатдорлик билдираман”, деди у.
Спортчининг сўзларига кўра, ҳар бир профессионал спортчи қаерда тунаши ва қаерга учиши ҳақидаги маълумотни махсус электрон платформа орқали ҳар куни янгилаб туриши керак.
“Менинг ҳолатимда тест олувчилар эрталаб соат 6:00 да келишган. Бу ноябрь ойида содир бўлди. Мен дастурда кечки 21:00 ни кўрсатган эдим ва бу вақтдан ташқари кимдир келишини кутмаганман. Ҳатто қўнғироқ ҳам қилишмади, фақат SMS юборишди”, дея қўшимча қилди у.
Шундан сўнг Рашидовга мазкур ҳолат допинг қоидаларини бузиш сифатида баҳоланиши ва унга нисбатан дисквалификация чораси қўлланиши тўғрисида расмий хабарнома юборилган. Охирги марта 22 апрель куни спортчидан допинг учун намуналар олишган. Улар Рашидовнинг тоза эканини аниқлаб, шундан сўнг бу қарорни чиқаришган.
Халқаро тестлаш агентлиги (ITA) маълумотига кўра, 23 ёшли спортчи 12 ой ичида уч марта жойлашув манзили ҳақида нотўғри ёки умуман маълумот тақдим этмаган. Бундай ҳолатлар антидопинг қоидаларига зид ҳисобланади, чунки улар кутилмаган тестларни ўтказиш имкониятини чеклайди.
Live
Барчаси