... 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Туробжон Жўраев хорижда юрган фуқаролар Ўзбекистонга қайтса, қаматмасликка ваъда берди


21:05, 13.03.2018 Жамият
 5 711

Бугунги кунда 124 нафар фуқаро турли сабаблар билан доимий яшаш манзилларидан хорижга чиқиб кетгани сабабли ҳали ҳам махсус ҳисобда турибди.

2017 йил 1 июль ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида 1749 нафар шахс ички ишлар идоралари махсус ҳисобига олинган эди. Ҳаётда тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай турли диний оқимлар сафига қўшилиб қолган, ёт иллатлар таъсирига берилган фуқароларнинг 1625 нафари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан махсус ҳисобдан чиқарилди.
 
Бугунги кунда 124 нафар фуқаро турли сабаблар билан доимий яшаш манзилларидан хорижга чиқиб кетгани сабабли ҳали ҳам махсус ҳисобда турибди. Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 269 нафар шахс турли жиноятларни содир қилганлиги учун қидирилмоқда.
 
Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда қатнашиб, махсус ҳисобда турганларнинг қариндошларидан уларнинг Ўзбекистонга қайтишларини сўраб, қамалмасликларига кафил бўлишларини айтган.


 
“Бу юртда ҳар бир фуқаронинг яхши яшашга ҳақи бор. Президентимиз ҳар бир чиқишларида алоҳида қайд этганидек, улар келажакда эмас, бугун фаровон ҳаёт кечириши керак. Ҳатто, тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай турли диний оқимлар сафига қўшилиб қолган юртдошларимизни ҳам кечириб, уларга бағримизни очишимиз, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишимиз лозим. Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглиги туфайли мана кейинги бир йилда махсус ҳисобдан чиқарилган юзлаб шахсларни тўғри ҳаётга қайтардик. Улар ҳам бугун юртимиз равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Маҳалла-кўй ишида қатнашяпти. Бугунги кунда махсус ҳисобда турган, хорижда юрган фуқароларнинг яқинларига мурожаат қилмоқчиман. Агар улар билан алоқангиз бўлса, айтинг, юртимизга қайтсин. Вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч қайсини қамамаймиз. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса, бу борада ҳам ёрдам берамиз”, дейди вилоят ҳокими.
 
Йиғилишда Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи У.Мирзааҳмедов ҳам иштирок этган. МХХ расмийси уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ва қариндош-уруғлари билан мулоқотда бўлиб тургани МХХдагиларга яхши аён эканини айтади:
 
“Турли диний экстремистик оқимлар сафидаги ноқонуний ҳаракатлари учун қидирувда бўлган шахсларга нисбатан олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида олинган маълумотларга кўра, уларнинг айримлари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўла туриб, яқин қариндошлари билан доимий алоқада. Улар яшаш манзилларига қайтиб келиш истаклари мавжудлиги, бироқ муқаддам содир этган жиноятлари учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, қамоқ жазоси қўлланилишидан қўрқаётганини маълум қилмоқда. Лекин уларнинг бир нечтаси аввалги ҳаракатлари ноқонуний эканлигини англаб етиб, ҳозирги вақтда диний экстремистик ва террорчилик ташкилотлари фаолиятига аралашмасдан, ҳалол йўл билан меҳнат қилмоқда. Уларнинг хатти-ҳаракатларида давлатимиз миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллар мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олинмаган. Шундан келиб чиқиб, қидирувда бўлган 12 нафар самарқандликнинг жиноят ишлари ўрганиб чиқилди. Уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд бўлса-да, агар аввалги ҳаракатлари нотўғри эканлигини тушуниб етган ҳолда, ўз ихтиёри билан яшаш манзилига қайтиб келса, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури қўлланилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосага келинди”.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 29 сентябрь куни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Унга кўра жами 2700 киши афв этилди.  Биргина Самарқанддан 84 нафар шахс, жумладан, диний экстремизмга алоқадор 41 киши рўйхатдан ўрин олган. Уларнинг 34 нафари бандлиги таъминланган бўлса, 5 нафари меҳнатга лаёқатсиз бўлгани учун ногиронлик нафақасига чиқарилган, 2 нафари ёшга доир пенсияга чиққан.

Теглар:Самарқанд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар