ОТМларидаги айрим йўналиш ва мутахассисликларга қабул тўхтатилади

Жамият

image

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларидаги қатор таълим йўналишлари ва утахассисликлари тугатилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев инспекция ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида олий таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказишдаги янгича тартиблари тўғрисидаги йиғилишда айтиб ўтди.

Таълим инспекцияси томонидан 2018-2019 йиллар давомида 24 та олий таълим муассасалари (ОТМ) аттестацияга жалб қилинган бўлиб, улардан 10 таси (41,7 фоиз) “Аттестациядан ўтди” деб эътироф этилган ва аккредитацияланган. 13 таси (54,2 фоиз) эса “Аттестациядан шартли ўтди” деб эътироф этилиб, уларга камчиликларни бартараф этиш учун 1 йил муддат берилди. 1 та ОТМ (4,2 фоиз) “Аттестациядан ўтмади” деб эътироф этилган ва аккредитацияланмаган.

Ушбу натижа таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таҳлил қилинганда:

426 та таълим йўналишларидан 288 таси (67,6 фоиз) “Аттестациядан ўтди”, 138 та (32,4 фоиз) “Аттестациядан ўтмади”;

282 та магистратура мутахассисликларидан 242 таси (85,8 фоиз) “Аттестациядан ўтди”, 40 таси (14,2 фоиз) “Аттестациядан ўтмади”.

Олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича 186 та ихтисосликдан 132 таси (71 фоиз) “Аттестациядан ўтмади”, 54 таси (29 фоиз) “Аттестациядан ўтмади”.

Таълим инспекцияси жорий йилнинг сентябрь ойида 22 та ОТМлари ва 5 та илмий тадқиқот муассасаларининг аттестациядан ўтмаган таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ҳамда ихтисосликларни қайта аттестациядан ўтказди.

Қайта аттестация натижасига кўра:

40 та таълим йўналишларидан 17 та (42,5 фоиз) “Аттестациядан ўтмади” (ТАҚИ -1 та, ТДМРХОМ – 1 та, ТАТУ – 2 та, ЎзДК – 3 та ТКТИ – 1 та, ТДТУ – 2 та, ТерДУ – 2та, ГулДУ – 1 та, ЖизДПИ - 3 та, ТДАУ Нукус ф. – 1 та);

17 та магистратура мутахассисликларидан 4 таси (23,5 фоиз) “Аттестациядан ўтмади” (ТДТУ – 4 та);

60 та ихтисосликдан 19 та (31,7 фоиз) “Аттестациядан ўтмади” (БухДУ -1, БухДТИ -1, ТДАУ -2, ТДТУ -9, ТИҚХММИ-1, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти -4, Умумий ва ноорганик кимё институти -1) деб хулоса қилинди ва қабул тўхталиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан бундан буён “Шартли ўтди” деган тушунча бўлмайди, аттестациядан ўтмаган таълим йўналиши ёки мутахассислигига қабул тўхтатилади.

Илғор хорижий тажрибалар асосида олий таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби такомиллаштирилди. Янги низомда ОТМларни аккредитациялаш 4 босқичда амалга оширилиши белгиланди: ўзини-ўзини баҳолаш (ички баҳолаш), мустақил экспертлар томонидан ташқи баҳолаш, хулосалар тайёрлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва уларни доимий мониторинг қилиб бориш. Бунда ОТМда таълим сифатини ўзини-ўзи баҳолаш механизми мавжудлиги ва унинг доимий равишда олиб борилиши аккредитацияланишнинг асосий шарти сифатида белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ аккредитация

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг