Саида Мирзиёева: “Журналистлар эркинлигини йўқотишдан қўрқмасдан, хато қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак”

Жамият

image

“ОАВ ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айланмоқда, одамлар сиёсат ва давлат бошқаруви билан қизиқяпти, унинг фаолиятига баҳо бераётир, энг муҳими, танқидий руҳда, очиқ ва қўрқувсиз фикр билдирмоқда. Масс-медиа давлат органлари устидан фуқаролик назоратининг етакчи кучига айланди”. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева бугун, 5 март куни очилган II Марказий Осиё судьялар мулоқотида гапирди. 

Саида Мирзиёевага ўкра, мамлакатда тақиқланган мавзулар, ўз-ўзини цензура қилиш ва чекловлар камаймоқда. Журналистлар ўзларининг профессионал фаолиятини ҳимоя қиладиган қонунлардан самарали фойдаланмоқда. 

“Илгари камера ва диктофон тутган одамни ҳеч қандай тушунтиришсиз қаергадир киришига рухсат беришмаган бўлса, бугун журналист ишига тўсқинлик қилиш учун жиддий асослар керак. Оммавий ахборот воситалари овоз ёзиш ва тасвирга тушириш техникаси билан суд мажлисларида иштирок этиш имкониятини талаб қилдилар ва бунга эришдилар. ОАВ амалдорлардан қилинган ишлар ва молиявий ҳисоботлар талаб қилишни ўргандилар.

Ва энг муҳими – Ўзбекистон журналистлари ва блогерлари ҳамжамиятлари бирлашмоқда. Яқинда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилди. Мен бундай илғор ва улкан мақсадларга интилаётган журналист ва блогерлар жамоасининг иштирокчиси бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Улар Ўзбекистонда ОАВ ролини кучайтириш ишига бефарқ эмас. Жамғарма ўз олдига кўплаб вазифаларни қўйган ва уларнинг асосийлари – ОАВ тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий маданияти ва профессионал кўникмаларини ошириш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш”, дейди Мирзиёева. 

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар олдида турган энг катта муаммолардан бири қонунларнинг эскилиги, мавжуд қонунчилик бугунги давр талабига жавоб бермаслиги ва уларнинг кўп қисми бир ёқлама ишлаб чиқилганидир. Саида Мирзиёева ўз нутқида бу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиб, шундай дейди:  

“Шуни таъкидлашни истардимки, ахборот маконини тартибга солувчи қонунлар ўн – ўн беш йил давомида сезиларли даражада ўзгармади. Уларнинг кўпида мутлақо эскирган тушунчалар мавжуд ва улар замонавий қарашларга жавоб бермай қолди. Ушбу норматив ҳужжатларнинг кўпи, масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “билдирган фикри учун ва танқид қилганлиги учун фуқароларни таъқиб қилиш” меъёри мавжуд 144-моддаси ҳеч қачон амалда қўлланмаган. Ҳеч ким бу модда ҳақида билмайди ҳам. Ҳа, Қонун доим ҳам Тараққиётга ета олмаяпти. Биз буни тушунамиз ва журналистлар ҳуқуқий соҳада осон ҳаракат қилиб, самарали ишлашлари учун барчасини қиляпмиз.

Эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларига туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этишни бекор қилиш ҳамда ушбу қилмишлар учун жарималар миқдорини камайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Сўз учун инсонни қамаб бўлмаслигига, фуқаролик ва маъмурий чора кўриш етарли эканига қатъий ишонамиз. Журналистлар эркинлигини йўқотишдан қўрқмасдан ҳато қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак”.  

Кеча, 4 март куни Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди яна бир бор туҳмат ва ҳақорт учун жавобгарликни эркинлаштириш масаласини ўртага ташлаган эди. Ушбу масала Мирзиёеванинг нутқидан ҳам ўрин олди. 

“Бу муҳим мавзу бугунги конференциянинг кун тартибига киритилган. Туҳмат ва ҳақорт учун жавобгарлик белгиланган миллий қонунчиликни эркинлаштириш масаласи халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилмоқда. Мана кўп йилдирки, ушбу ташкилотларнинг айримлари мазкур масала юзасидан муносабатини билдириб келмоқда.

Шунингдек, ва бу жуда муҳим, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига “Интернет тармоғи ахборот ресурслари” сўзларини қўшимча қилиш таклиф этилмоқда. Бундай қўшимча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нафақат оммавий ахборот воситаларида, балки ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерларда ҳам аён қонун бузилиш ҳолатлари бўйича хабарларга асосланиб чора кўриш мажбуриятини юклайди. Қонун бузилиш аломатлари баён этилган ҳар қандай хабардан сўнг масъул идоралар мазкур хабарни жиноий иш қўзғатиш ва фактлар текширувини бошлаш учун сабаб қилиб олишлари шарт бўлади. Бундай ҳолларда таҳририятлар улардан талаб қилиниши мумкин бўлган тегишли ҳужжатли, шунингдек, видео ва фото кўринишидаги далилларга эга бўлишлари лозим. Албатта, таҳририят ахборот манбасини ошкор этмаслик ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги норма ўз кучида қолади. 

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, ушбу қонун ижодкорлигида нафақат ҳуқуқшунослар, балки журналист ва блогерлар ҳам иштирок этмоқда. Улар аниқ мисоллар асосида ўз таклиф ва мулоҳазаларини киритмоқда. Ҳа, биз бунга одатланмаганмиз”, дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот ўрнида, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир билан ҳамкорликда иккинчи маротаба ташкиллаштирилаётган халқаро даражадаги икки кунлик тадбирда ЕХҲТ минтақаси ва Марказий Осиё давлатларидан 40 дан зиёд юқори малакали эксперт-мутахассислар, юрист-ҳуқуқшунослар, судьялар иштирок этмоқда.

Халқаро анжуманда ОАВ ва сўз эркинлигини таъминлашда миллий суд тизимларининг ўрни бўйича мавзулар муҳокама қилинади. Ушбу тадбир дунё миқёсидаги янги тенденциялар, сўз эркинлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг чеклов ва тўсиқларсиз фаолият юритиши билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун, шунингдек, бу борада юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун платформа бўлиши кўзда тутилган.

Маълумки, айрим ҳолларда суд ҳокимияти миллий хавфсизлик, терроризмга қарши курашиш ва жамоатчиликни ҳимоя қилиш фикрларидан келиб чиқиб, сўз эркинлигини чеклашга ён босишга мажбур бўладилар. Шундан келиб чиқиб, “II Марказий Осиё судьялар мулоқоти” доирасида сўз ва ОАВ эркинлиги борасида халқаро стандартлар муҳокама қилинади, шунингдек, миллий хавфсизлик, адоват, таҳқирлаш, диффамация, яъни туҳмат масалалари ҳам кенг қамровда кўриб чиқилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг