Ўзбекистонда фавқулодда ҳолату, ҳукумат буни расмий тасдиқламаяптими?

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши кураш доирасида карантин чоралари қўлланилди. Мана шу тадбирлар айрим фуқаролар назарида фавқулодда ҳолат чоралари сифатида қабул қилиниб, гўёки мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, аммо бу расмий тасдиқланмаяпти, деган хаёлларни келтириб чиқармоқда. Аслида-чи?

Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда вазиятлар, хусусан, эпидемия ҳолати юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади.

Фавқулодда ҳолат режими жорий этилганда, ҳаракатланиш эркинлигига, транспорт воситалари ҳаракатига нисбатан чекловлар ўрнатилади, уларни текшириш кучайтирилади, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, харид қилиш ва тақсимлашнинг, жамоатчилик тартибини сақлашнинг алоҳида тартиби ўрнатилади ва бошқа чекловлар кучайтирилади. 

"Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.

Ҳукуматнинг “Техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятларнинг таснифи тўғрисида”ги Қарорида эпидемия – алоҳида хавфли инфекцияларга тегишли бўлмаган, юқиш манбаи битта ёки юқиш омили бир хил бўлган одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланишини табиий тусдаги фавқулодда вазиятларга тааллуқли деб белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда асосий давлат органи ҳисобланади. 

Қонунчиликда эпидемия юз берганда фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият ёки чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашда юқоридаги тартиблардан нисбатан энг юмшоғи – чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилди. Карантиннинг жорий этилиши мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мос келади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. 15 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1214 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 99 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг