Бир балоси бўлмаса... Помпео Ўзбекистонга нега келяпти? 

Таҳлил

image

Марказий Осиё тарихдан энг муҳим геосиёсий нуқтаи назардан муҳим минтақа бўлиб келган. Азалдан бу ерда ҳукумронлик қилганлар минтақага ёндош ҳудудларга ўз таъсирини ўтказиш учун қийналишмаган. Шимолда Россия, шарқда Хитой, жанубда Афғонистон ва Эрондек қўшнилари бор ҳудудга қайси сиёсатчи ҳам қизиқмайди дейсиз? Шундай экан, турли ҳудудларда ўз манфаати йўлида рақобат қилувчи дунёнинг уч гигант давлати, АҚШ, Россия ва Хитой, бу минтақа учун сиёсий кураш олиб бориши табиий ҳолдир.

Шу кунларда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Марказий Осиё минтақасида ташриф билан бўлиб турибди. Аввалроқ Украина, Белоруссия ва Қозоғистонда меҳмон бўлган АҚШ расмийси эртага, 3 февраль куни бўлиб ўтадиган “C5+1” форматдаги вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келди. Хўш бу ташрифдан мақсад нима?

Аввало АҚШнинг Марказий Осиёдаги қизиқишларини ўрганиб чиқсак. 

Минтақада АҚШ кўплаб глобал геосиёсий муаммоларга дуч келади. Қайта тикланган Россия, кучайган Хитой, терроризм ва экстремизмнинг кучайиши шулар жумласидандир. Бошқа томондан, АҚШ учун минтақада кўплаб амалий иқтисодий имкониятлар мавжуд. Минтақадаги давлатлар билан яқин ҳамкорлик Афғонистондаги вазият ва терроризмга қарши кураш каби катта муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, минтақадаги нефть ва газ Европанинг Россияга қарамлигини камайтиришга ёрдам беради ва шу билан НАТОни янада кучайтиради.

АҚШ Марказий Осиё учун иккита асосий мақсадга эга:

Биринчиси, барқарор ва ривожланаётган Марказий Осиё. АҚШ Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни қўллаб-қувватлайдиган сиёсатни илгари суриши аниқ. Чунки хавфсиз Марказий Осиё кўплаб иқтисодий, савдо ва энергетик имкониятларни таклиф этади. Марказий Осиёни барқарор ва хавфсиз қилиш уни транзит ва ишлаб чиқариш зонасига айланишига ёрдам бериш Америка ва унинг иттифоқчиларига катта фойда келтиради. Хавфсиз Марказий Осиё, шунингдек, иқтисодий эркинликни илгари сурадиган кўпроқ иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, минтақага зарур бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилади.

Иккинчиси, суверен Марказий Осиё. Америка Марказий Осиё мамлакатларини ташқи ва минтақавий кучларнинг босими ва таъсирисиз ўз-ўзини бошқаришини маъқуллайди. Бу, айниқса, Россиянинг таъсири ва минтақадаги гибрид тактикаларига тегишли. Ташқи таъсирга бардошли, кучли ва барқарор ҳукуматлар Американи кўпроқ қизиқтиради.

Трамп маъмуриятининг миллий хавфсизлик стратегиясида айтилишича, АҚШ "рақиб кучларнинг ҳукмронлигига қарши турадиган, экстримистларга хавфсиз бошпана бўлишига қаршилик кўрсатадиган ва ислоҳотларда устувор бўлган Марказий Осиё давлатларини қадрлайди".

Қўшма Штатлар мустақил, барқарор шунингдек иқтисодий, хавфсизлик, энергетика ва бошқарув масалалари бўйича минтақавий етакчилар сифатида намоён бўладиган Қозоғистон ва Ўзбекистонга муҳтож.

Шу кунлардаги ташриф эса айнан шуларни мақсад қилиб амалга оширилганига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. 

Энди АҚШ сиёсий таҳлилчиларининг фикрларини ўрганиб чиқсак.

Уларнинг фикрича, АҚШ Қозоғистон ва Ўзбекистон билан кўпроқ ишлаши керак. АҚШ Марказий Осиёда алоқалар “лангари”га муҳтож. Қозоғистон ва Ўзбекистон АҚШ учун икки катта шерикдир. АҚШ ушбу икки мамлакат билан стратегик ва минтақавий ўзаро манфаатларга асосланган прагматик муносабатларни олиб бориши керак. Иккала жойда ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича қонуний муаммолар бор, аммо узоқ келажакда АҚШнинг аралашиши вазиятни яхшилайди, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари АҚШнинг минтақадаги барқарорлик ва кенгроқ стратегик манфаатларини ҳисобга оладиган кўп қиррали муносабатларнинг фақат бир қисмидир.

АҚШ минтақада иқтисодий эркинликни ривожлантириш учун катта иқтисодий ислоҳотларни рағбатлантириши мумкин. Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодий ўсишга стратегик жиҳатдан тайёр, чунки улар Европа ва Шарқий Осиё бозорларига хом ашё етказиб беради. Охир-оқибат, ушбу икки мамлакатга реал инвестициялар ва уларнинг иқтисодий ўсиши хусусий сектор ҳисобига бўлади.

АҚШнинг мақсадларидан яна бири – умумий хавфсизликка оид муаммолар бўйича минтақа билан яқин ҳамкорлик қилиш. Икки давлат ҳам ядро қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича дунё миқёсида етакчидир. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Афғонистон масаласида муҳим роль ўйнайди. АҚШнинг Афғонистон билан аксар келишувлари бу мамлакатлар иштироки билан янаям мустаҳкамланади.

Россиянинг бу ташрифга муносабати ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Расмий Кремль бу ташрифни АҚШнинг ўз ички иши дея баҳолаётган бўлишига қарамай, Помпеонинг бу минтақадаги ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатаётганини тахмин қилиш қийин эмас. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари АҚШ билан илиқ муносабатга киришишдан аввал бу борадаги Россия позициясини ҳам инобатга олиши табиий.

Хулоса ўрнида, юқорида айтганимиздек, Марказий Осиё геосиёсий аҳамият ва рақобат зонаси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Агар АҚШ қайта тикланаётган Россия ва кучаяётган Хитой билан курашиш ва Европанинг энергия хавфсизлигини яхшилаш бўйича бош стратегияга эга бўлса, Вашингтон сиёсатчилари минтақани эътибордан четда қолдиролмайди. Шунинг учун Оқ уй вакили Помпеонинг ташрифи АҚШнинг минтақага қилган охирги ташрифи эмаслигини англаб етиш қийин эмас.

Нуруллоҳ Шарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Россия Хитой Майкл Помпео

Баҳолаганлар

630

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг