Монопол ташкилотларга берилган имтиёзлар инвентаризациядан ўтказилади

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Йиғилиш давомида монопол ташкилотларга берилган имтиёзларни бекор қилиш ва инвентаризациядан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда иқтисодиётда имтиёзлардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Масалан, имтиёздан фойдаланган 23 та ёғ-мой корхонасида янги иш ўринлари етарлича ташкил этилмаган.

Аксинча, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида рақобат муҳити яратилгани натижасида сўнгги 4 йилда парранда гўшти етиштириш 100 минг тоннадан 205 минг тоннагача, балиқ 65 минг тоннадан 122 минг тоннагача кўпайган.

"Паррандачилик ва балиқчилик уюшмалари монополиядан озод қилингани натижаси сезиляпти. Тадбиркорлар ўзини эмин-эркин ҳис қилиб, ҳаракат қиляпти. Нарх ва сифат жиҳатидан бозорга муносиб товар ва хизматлар чиқиши керак. Рақобат бўлса, аҳолининг танлаш имконияти ва сотиб олиш қобилияти ошади, одамлар рози бўлади", деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев раисилигида ўтказилган йиғилишда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳам батафсил таҳлил қилинди.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирилади, лекин амалда бу тизим тўла ташкил қилингани йўқ. Буни талаб қиладиган муҳит йўқ, билим йўқ, оммавий ахборот воситаларида тарғибот етишмайди“, дейди давлат раҳбари.

Ўтган йилда истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид бўлган.

Бунга асосий сабаб – монопол корхоналар ўз манфаатига мослаб ҳужжатлар ишлаб чиққан бўлиб, уларда истеъмолчилар манфаати тўлиқ инобатга олинмаган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Қўмитани истеъмолчиларнинг манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи – Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг