Қудбиев ДСҚ раиси ўлароқ таништирилди
Жамият
−
13 Май 2020
12579Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишида Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Қудбиев Давлат солиқ қўмитасининг янги раиси сифатида таништирилган.
Шерзод Қудбиев 2019 йил август ойи охирида Президентнинг маслаҳатчиси этиб тайинланганди.
Қудбиев 2007−2010-йилларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (вазирликнинг аввалги номланиши)да турли лавозимларда фаолият кўрсатган. Шунингдек, 2012−2015-йилларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий маркази директори бўлган.
2015 йилдан 2018 йилнинг апрель ойигача, яъни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бўлгунига қадар Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритган. 2019 йил августигача эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил декабрь ойидан ДСҚ раиси лавозимида ишлаб келаётган Беҳзод Мусаев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.
LiveБарчаси