Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатилди. Қурбон ва яраланганлар бор

Олам

image

Кеча, 13 март куни Қирғизистон келишувга зид равишда “Кўктош-Оқсой-Тамдиқ” йўлини қуришга киришиши натижасида Тожикистоннинг Ворух жамоатида можаро келиб чиқди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси расмий баёнотида айтилди.

Қайд этилишича, йўл қурилиши вақтида юзага келган можарода Қирғизистон томони аҳолига қарата ўқ узган.

“Ворух жамоати аҳолиси йўл қурилишига қарши норозилик билдира бошлаганда қирғиз томонидагилар уларга қарата ўточар қуроллардан ўқ узган”, дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, Қирғизистон куч тузилмалари “Исфара-Ворух” йўлини ёпиб қўйган ва Ворухда яшайдиган икки йўналишли такси ҳайдовчисини гаровга олган. Улар ҳайдовчиларни “Оқсой” чегара отрядида ушлаб туришган.

Қирғизистоннинг Боткен тумани Оқсой жамоати раиси Эркин Жалчиев бошчилигидаги 50-60 киши Ворух жамоати аҳолисига қарата тошлар ота бошлаган. Натижада 11 киши оғир жароҳат билан шифохонага юборилган.

Баёнотда гаровдагилар тақдири ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ Ворух жамоатидагиларнинг “Asia Plus”га маълум қилишича, уларни Қирғизистон фуқароси билан алмаштиришган.

“Улар дастлаб аёллар ва болаларни қўйиб юборди. Кейин чегарачиларимиз жамоат ҳудудида ун сотаётган Қирғизистон фуқаросини гаровга олишди. Айнан у гаровдагиларга алмаштирилди”, дея хабар берган маҳаллий аҳоли вакили.

Шунингдек, Ворух жамоатидан бўлган киши икки йўналишли таксидаги 30 нафар, тўртта енгил автомобилдаги 20 нафар одам гаровга олинганини айтган.

Ворух жамоати маъмуриятидагилар тожик томони ҳеч кимни гаровга олмаганини маълум қилган. 

Тожикистон МХДҚ ўз баёнотида 43 ёшли Ҳусайн Ҳакимов ҳалок бўлганини тасдиқлади. Хабарга кўра, у ов милтиғидан отилган ўқ туфайли вафот этган.

“Ҳусайн Ҳакимов юрак соҳасидан олган жароҳати билан шифохонада вафот этди. Ўточар қуролдан милиция инспектори 46 ёшли Саидшариф Авеззода ва икки нафар маҳаллий аҳоли вакили яраланди”, дейилади хабарда.

Баёнотда қайд этилишича, Қирғизистон фуқаролари Абдумажид Муллажоновнинг Чоркух жамоатидаги товарлар омбори ва тегирмонини ёқиб юборган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси хабарида айтилишча, ҳозир чегарадаги вазият барқарор ва икки давлат чегарачилари назорати остида.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Қирғизистон-Тожикистон

Баҳолаганлар

145

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг