ЕОИИга аъзо бўлиш гўшт нархи қимматлашишига олиб келадими?
Жамият
−
16 Апрель 2020
7823Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқигага аъзо бўлиб кирса, гўшт маҳсулотларининг нархи ошади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси, “Адолат” СДП фракциясидан бўлган депутат Дилрабо Холбоева маълум қилмоқда.
“Ҳозирги карантин шароити мамлакат учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва мустақиллиги масаласини нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Буни таъминлашда эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, унинг импорти, экспорти муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун ЕОИИдаги Ўзбекистоннинг иштирокини бу соҳага таъсирини ҳам атрофлича ўрганиб чиқиш лозим бўлади.
Аввало, ЕОИИ доирасида хизматлар соҳасида ягона транспорт макони ташкил этилади. Бу эса халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартибларини соддалаштириш, йўловчиларнинг юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлайди.
Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддалаштириш ҳисобидан тадбиркор, фермерларимиз учун улкан бозор эшиклари очилади. Улар ўзлари етиштирган маҳсулотларни тўғридан-тўғри экспорт қилишлари натижасида, бир йилда қўшимча 350 млн АҚШ долларига ортиши мумкин. Аммо, бу нарса мамлакатимизда ушбу маҳсулотлар тақчиллигини юзага келтириб, бозорларимизда мева-сабзавот нархларининг ошишига сабаб бўлиши кутилади.
Худди шундай ҳолатни гўшт маҳсулотлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозирда мамлакатимизда чорвачилик маҳсулоти экспорти Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан амалга оширилади. ЕОИИга аъзолик эса мазкур тартибни бекор қилади. Натижада тадбиркорларимизни ҳорижга гўшт экспортига ўтиб кетиши ички бозоримизда нархнинг сезиларли ошишига олиб келади”, дейди Парламент вакили.
Дилрабо Холбоева шунингдек гўшт маҳсулотлари импортига алоҳида тўхталиб ўтган. Депутатнинг таъкидлашича, ЕОИИга аъзоликдан сўнг, гўшт маҳсулотларига импорт божи қўлланилиши бошланади.
“Учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари ҳам биз учун қимматга туша бошлайди. Амалдаги тартибга кўра мамлакатимизга тирик ҳайвонлар ва уларнинг гўштини бож тўловларисиз олиб кираяпмиз. ЕОИИда эса тирик ҳайвонлар олиб киришга 5 фоиз, гўшт олиб киришга эса 15 фоиз импорт божи қўлланилади. Аъзоликдан сўнг учинчи мамлакатлардан импорт қилаётган тирик ҳайвонларимиз нархи 5 фоизга, гўшт маҳсулотларимиз нархи 15 фоизга кўтарилади.
ЕОИИга аъзоликни юқоридаги иқтисодиётимизга фойда деб саналаётган йўналишлари, келтирилаётган рақамлар, кўрсаткичлар, мамлакатимизнинг бошқа бир тузилма Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлса, бир неча баробар юқорироқ даражага чиқиши аниқ. Афсуски, дунёнинг 164 мамлакатини бирлаштирган мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кирмаган саноқли давлатлар қаторига кирамиз. Шу боисдан Ўзбекистон аввало, ЖСТга аъзо бўлиши, сўнгра, ЕОИИга аъзо бўлиши мақсадга муфовиқ деб ҳисоблайман”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик истиқболларини ҳамда ушбу хамкорликнинг мамлакат миллий манфаатларига таъсирини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш бўйича махсус Ишчи гуруҳи тузилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь