“Тоттенҳем”дан “супер камбек” ёҳуд инглизча финал кўрамиз

Таҳлил

image

Кечаги фантастикадан кейин “Аякс” ва “Тоттенҳем” ўйинини кўришга иштиёқим пасайиб кетганди. Ҳатто, “Аякс”нинг финалга чиққани ҳақида чала мақола тайёрлаб ҳам қўйдим. Илк ўйиндаги ғалаба, жавоб учрашувидаги биринчи таймда голландиялик “болакай”ларнинг кўрсатган “ҳунари” “шпорлар”ни шошириб қўйгани рост. 

Де Лигт ва Зийехнинг голидан сўнг футбол мухлислари “Реал Мадрид” ва “Ювентус”дан кейин навбат “Шпорлар”га етиб келганига ишона бошлашди. 

Аммо бунга Почеттино рози эмасди. “Тоттенҳем”ни ўртамиёна жамоадан топ клубга айлантира олган, юлдуз футболчиларни кашф этишда моҳир устоз танаффусдан кўп нарса кутди.  Кутгани бесамар кетмади. 

Маурисио Почеттино Англия чемпионати доирасида кўпам майдонга тушавермайдиган Лукас Моурага бу сафар имкон берди. Моуро 5 дақиқа ичида дубль қайд этиб, “шпорлар”да ғалабага бўлган иштиёқни ўйғота олди. Демак, “Аякс”ни енгиш мумкин. Шундан сўнг жамоалар майдонда тўп учун қаттиқ курашишди. Навбатма-навбат ҳужумлар, ҳимоядаги хатолар ва қўполликлар кўзга ташланиб турди. 

Асосий вақтга 5 дақиқа қўшиб берилди. Ҳатто, 95-дақиқа ўтиб бораётган вақтда барча “Аякс”ни  финалга чиқариб қўйишди. Аммо, Моуро бунга кўнмади, хет-трик. “Йохан Кройф Арена”да “бомба”,  ҳисоб 2:3, “Аякс” эртаги тугади. 

“Реал Мадрид”, “Ювентус”ни мусобақадан улоқтирган “Аякс” нега “Тоттенҳем” тўсиғидан ўтолмади. Сабабини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз. 

Голландча “тарсаки” 

Келинг сиз билан бироз мозийга, “Аякс”нинг илк сенсациясига назар ташласак.  Аввал Зидан, кейин Роналдонинг “Қаймоқранглилар”дан кетиши, Лопетигининг жамоага келишидек “совға”лар қаршисида ёш болалардек иложсиз қолган “Қироллик клуби” футболчилари мазмунсиз ўйинлар намойиш этаверди. Қониқарсиз натижалар сабаб, истеъфога чиқарилган Хулен Лопетиги  ўрнига Сантьяго Солари бош мураббий этиб тайинланди.  Солари эса ҳунар кўрсатиб, Иско, Марсело каби футболчиларни заҳирага михлаб қўйди. Ёшларга имкон берилди. Жамоанинг ички муҳити ёмонлаша борди. Пароканда бўлган жамоа ҳар қанча чиранмасин, ёш, ғалабага ташна, энг муҳими жамоавий ўйин кўрсатган “Аякс”дан “тарсаки” қабул қилиб олди. Рамоснинг кўрсатган “ҳунар”и эса Мадрид жамоасига қимматга тушди. 


Навбат “Ювентус”га

Италияда етти мавсумдан буён тенгсиз бўлган “Юве” ҳар сафар еврокубокларда қоқилаверди. Нима қилиш керак? Аллегри катта таваккалга қўл урди. Роналдо “Ювентус” сафига келиб қўшилди. У голлар уришни бошлади. УЕФА Чемпионлар лигасида жиддий рақиб “Атлетико Мадрид” билан илк ўйинда қабул қилиб олинган мағлубиятдан сўнг Роналдо ҳам “Юве”га ҳеч нима қилиб беролмаслиги кўриниб қолгандек эди. Бироқ, Роналдо “матрасчи”ларнинг кушандаси эканлигини кўпчилик унутганди. Туриндаги ўйинда Криш хет-трик қайд этиб, бекорга келмаганини эслатиб қўйди. 

Бу ўйинлар арафасида Аллегрининг жамоадан кетиши ҳақидаги хабарлар нашрлар саҳифасини безаб турди. Футболчилар ҳам саросимага туша бошлагани ўйинларда сезилиб қолди. Айниқса, клубнинг Амстердамда “Аякс”га қарши ўйини кўпчиликда хавотир ўйғотди. Сафарда дуранг қайд этган Аллегри шогирдлари ўз уйида ғалаба қозонишига шубҳа қилмаганди. Бироқ Аллегридаги иккиланиш аломати, футболчилардаги тушкунлик ўйинга таъсирини ўтказмай қолмади. Роналдо гол киритганда кейинги босқич масаласи ҳал этилгандек эди. Аммо, “Аякс”бунга рози эмасди. Ҳимоядаги тартибсизлик, қанотда бой берилган позициялар ва марказнинг рақибга топшириб қўйилиши “Юве”ни шу ерда тўхташга мажбур қилди. “Учар голландлар”  жамоавий ўйин эвазига юлдуз акаларига тўпни қандай тепиш кераклигидан дарс ўтиб берди. 

“Аякс” эртаги тугади

Нега шундай бўлди? Сенсациялари билан Европа футболини ларзага келтирган “Аякс” “Реал Мадрид”ва “Ювентус”ни мағлуб этолган бўлса, нега “Тоттенҳем”дан ўтолмади? 

Биринчидан, “Тоттенҳем” клуби ҳам “Аякс” сингари ўз ўйинини жамоавий аҳиллик устига қурган. 

Иккинчидан, “Аякс”нинг аввалги рақибларидан фарқли ўлароқ, “Тоттенҳем” фаворит эмас, аксинча иккинчи планда ҳаракат қилди

Учинчидан, жамоа устози Почеттино кучли мотиваторлик, психологик характер ва самимий дўстликни қадрловчи ҳислатларга эга. Бу эса ҳар қандай футболчини майдонга “жангчи” сифатида тушира олишда асқотадиган жиҳатлар. “Манчестер Сити” билан ўйинда “жангчи” ролини Сон хин Мин бажарган бўлса, “Аякс” билан ўйинда бу ролни заҳира футболчиси мақомидаги, кўримсизгина Лукас Моурага топширди. Натижа – финалга йўл!


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг