Ўқувчи қиз ўз коллежида дўппосланди. Иш бости-бости қилиняпти...ми?
Жамият 11 Февраль 18651
image

Таълим муассасалари – мактаб, лицей ва касб ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги жанжаллар жиноятчиликнинг бугунги аҳволи, унинг олдини олишга қаратилган чора тадбирлар қанчалик тўғри амалга оширилаётгани ва мутасаддилар ўз вазифасини қай даражада адо этаётганини кўрсатади. 

Тошкентда коллеж ўқувчиларининг жанжалларига, пичоқбозликларига одатланиб қолдик. Бироқ, қизлар ўртасидаги можаролар кўп ҳолларда яширилади. Ҳудди Миробод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи қизларининг жанжали каби. 

Гап шундаки, жорий йилнинг 8 февраль куни Миробод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг 3-курс қизлари Э. ва Г. ўртасида ўзаро можаро чиқади. 

2000 йилда туғилган Э. дугоналари билан суҳбатлашиб ўтирган вақтда хонага Г. кириб келади ва дўқ билан суҳбатни тўхтатишларини, кайфияти йўқлигини айтади. Э. эса кайфияти бўлмаса бошқаларга бунинг таъсирини ўтказмаслик кераклигини маслаҳат беради. Бундан ғазабланган Г. ўзидан 3 ёш катта опаси Ш.ни ҳимояга чақиради. 

Тушдан кейин етиб келган Ш. Э.ни синфхонага олиб киради ва хонани ичкаридан қулфлайди. Бунда унга яна 4 қиз ёрдамчилик қилади. Қизлар Э.нинг қўл оёқларини тутиб туради. Г.нинг опаси Ш. эса Э.ни хумордан чиққунча дўппослайди. Сочидан тортиб, бошини деворга уради. Бу орада қиз ҳушидан кетади. 

Можаронинг бошланишига ўқитувчилардан бири гувоҳ бўлган. У синф раҳбарига хабар беришга уринган. Бироқ, жанжалдан на синф раҳбарининг, на коллеж маъмуриятининг хабари бўлган. 

Қизиқ, коллеждагилар, директор, маъмуриятнинг кўзи қаерда? Шуми хавфсизлик, шуми назорат? Коллежларга истаган одам, истаган вақтида кириб, яна хонани ичидан қулфлаб хоҳлаган ишини қилиб чиқиб кетаверса... Коллеж раҳбарияти бу вақтда нима билан банд бўлган? Энг қизиғи воқеалар соат 14:00 да атрофида, айни иш, дарс вақтида содир бўлган. 

QALAMPIR.UZ’га етиб келган маълумотларга қараганда, калтакланган қизнинг ота-онаси бўлган воқеалардан бир кун ўтиб хабар топган. Қиз уйида бир неча бор ҳушидан кетган. У қаттиқ қўрқувда бўлгани учун жанжал ҳақида миқ этмаган. Ота-она Э.ни шифохонага олиб боришган. Шифокорлар тан жароҳати етказилгани ташҳисини қўйиб, ИИББга хабар беришган. 

Кимнингдир киссасидан 20 минг сўм ўғирланганию йўл патруль хизмати ходимига нисбатан ҳурматсилик ҳақида хабар беришни канда қилмайдиган Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот  хизмати негадир бу воқеа ҳақида сўз очмади. Балки, туман ИИБдан хабар келиб тушмай, ишлар бости-бости қилишга ҳаракат қилингандир. 

QALAMPIR.UZ воқеа тафсилотларини ўрганмоқда. 
 

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 307
Рейтинг: 3.9