Бош прокуратура Ортиқхўжаевнинг аудиоёзуви бўйича текширувни якунлади

Жамият

image
Президент ОАВдаги сўнгги воқеаларга муносабат билдирди north_east

Президент ОАВдаги сўнгги воқеаларга муносабат билдирди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга нисбатан ҳақорат ва таҳдид қилгани акс этган аудиоёзув тарқалган эди.

Ушбу аудиоёзув асосида Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари ўтказилди. Орадан 10 кун ўтиб, Бош прокуратура ўрганиш ишлари бўйича баёнот берди. Унда шундай дейилади: 

“Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Интернет нашрларида Тошкент шаҳар ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли ҳамда ҳақорат, таҳдид мазмунидаги аудиоёзув тарқалди. 

Мазкур ҳолат оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сиёсий партиялар, энг ачинарлиси, айрим хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кескин танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди.

Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ЖПКнинг 329-моддасига асосан терговга қадар текширув ўтказилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 14 август куни “Kun.uz” таҳририятига “Хива строй” МЧЖ раҳбарининг бажарилган қурилиш ишлари учун буюртмачидан пул ундиришга оид  мурожаатини ўрганиш мақсадида мазкур таҳририят мухбири Раҳматилла Исроилов ва оператори Ш.Эгамбердиевлар Олмазор туман ҳокимлигига боришган.

Туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов давлат хизматчиси бўла туриб, тегишли одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда Раҳматилла Исроиловга тушунтириш беришдан бош тортган, улар билан қўпол муносабатда бўлган ҳамда операторнинг видеотасвирга олишига қаршилик кўрсатган.

Мазкур воқеанинг эртасига “Kun.uz” таҳририяти ушбу видеолавҳани ўз сайтида эълон қилган ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шу куни кечқурун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг вазиятни юмшатиш ва муросага келиш тўғрисидаги топшириғига асосан шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари Лалихон Собирова, туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовлар таҳририят вакиллари Баҳодир Аҳмедов, Раҳматилла Исроилов ва Ш.Эгамбердиевлар билан шаҳар ҳокимлиги биносида учрашишган.

Унда Абдурасул Ваҳобов ножўя ҳаракатларга йўл қўйганлигини тан олган ва таҳририят ходимларидан узр сўраган. Бироқ, бу ҳолат таҳририят ходимларини қониқтирмаган.

Учрашув якун топгач, мулоқот иштирокчилари бинонинг  йўлагида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тасодифан дуч келишади. Лалихон Собирова Жаҳонгир Ортиқхўжаевга бўлиб ўтган суҳбат ҳақида маълумот бериб, “Kun.uz” ходимлари Абдурасул Ваҳобовнинг узридан қаноатланмаганлигини баён қилган. 

Шунда Жаҳонгир Ортиқхўжаев улар билан мулоқотда муомала маданиятидан четга чиққан ҳолда, интернет нашрларига нисбатан ўзининг салбий муносабатини ифодалаб, гўёки уларни шармандали вазиятларга тушириш имкониятига эгалигини, лекин у бундай тарбияланмаганлиги ва буни хоҳламаслигини билдирган.

Ушбу жараённи “Kun.uz” мухбири Баҳодир Аҳмедов “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда, учрашув иштирокчиларини огоҳлантирмасдан телефонига хуфёна ёзиб олган ва таҳририятга тақдим этган.

Ўз навбатида, таҳририят томонидан ноқонуний йўл билан олинган ахборот йўқ қилинмаган. Оқибатда 2019 йил 16 ноябрда ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевни обрўсизлантириш мақсадида аудиоёзувнинг ножўя сўзлардан иборат бир ярим дақиқалик қисми (учрашув икки соат давом этган) монтаж қилиниб, номаълум шахс томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган.  

Бу ҳолат ўз навбатида оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама бўлишига сабаб бўлган.

“Kun.uz” таҳририяти ўз айбини англаган ҳолда, ҳақиқий ҳолатни маълум қилиш учун аудиоёзувнинг Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли қисмини тўлиқ эълон қилган.

Терговолди текширувида аниқланишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмасдан, ҳақоратли ва қўпол сўзларни ишлатган.  

Бироқ, унинг ножўя сўзлари умумий тарзда айтилгани, муайян шахсга қаратилмаганлиги, реал таҳдид йўқлиги боис, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас.

Шу сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, “Kun.uz” таҳририяти ходимлари Жаҳонгир Ортиқхўжаевга нисбатан даъво ёки эътирозлари йўқлигини баён қилишди. 

Лекин Жаҳонгир Ортиқхўжаев Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари”ни бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Ҳукуматга мурожаат қилинди.

Шунингдек, таҳририятнинг мазкур воқеалардаги иштироки юзасидан тегишли муносабат билдириш учун ваколатли орган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хат юборилди".


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Баҳолаганлар

585

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг