... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда гейлар тутилгани ҳақида суюнчи олишдан ким манфаатдор? Ички ишларми ёки ОАВ?


20:17, 01.12.2017 Жамият
 17 489

Ушбу хабарни ёритишни “Uznews.uz” дан ташқари Ўзбекистондаги яна икки интернет-нашр – “Sof” ҳамда “DIA” ўзига эп кўрди.

Жамиятда айрим нуқсонлар, камчиликлар, кишининг ғазабини келтирадиган, нафратини уйғотадиган жирканч одамлар борки, уларнинг қилмишларини элга дастурхон қилиб гапиргандан, одамларнинг эътиборини шу масалага қаратгандан, сукут сақлаган жоиз.
 
Кеча, 30 ноябрь куни Ўзбекистоннинг айрим ОАВларида Тошкентда икки бесоқолбознинг қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларни тарқатишда билвосита “Uznews.uz” сайти бош-қош бўлди, десак муболаға бўлмайди.


 
Сайт ходимлари Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ички ишлар бошқармасидан берилган ахборотга асосланган ҳолда Тошкентда икки бесоқолбоз қўлга олингани, улардан бири 1994 йилда, иккинчиси 1988 йилда туғилганини, Мирзо Улуғбек туманида ижарага уй олиб яшаб келаётгани ёзади. Хабарда уларнинг вилоятлик эканига алоҳида урғу берилади.
 
Хабарда айтилишича, қўлга олинган икки йигит жорий йилнинг 3 сентябрь санасидан бошлаб бирга яшай бошлаган. Суд-тиббий экспертизаси эса йигитларнинг жинсий алоқада бўлганини тасдиқловчи хулосаларни берган.
 
Ушбу хабарни ёритишни “Uznews.uz” дан ташқари Ўзбекистондаги яна икки интернет-нашр – “Sof” ҳамда “DIA” ўзига эп кўрди. Ахир миллат тақдири, бу хабарнинг маънавиятга таъсири билан улар ҳисоблашармиди?


 
Ўзбекистоннинг юзига қора чаплаш бўлса, биринчи бўлиб одим оладиган ОАВлар хорижда етарли. Асли бизга душманнинг ташқаридан кераги йўқ. Ичимиздан чиққанлар қоқилишимизни пойлаб панада ётибди. Хусусан, “Ozodlik” бу хабарни кўздан қочирмади. Улар ҳам “Uznews.uz”ни манба сифатида кўрсатиб, “Тошкентда оила бўлиб яшаётган гомосексуаллар қўлга олинди” номли мақолани чоп этди. “Sputnik” ҳам четда қолишни истамади. У ҳам кўрсаткич бармоғини “Uznews.uz”га қадаб, “Тошкентда икки нафар гей қўлга олинди” номли хабарни чиқарди.


 
Ушбу хабарни бош тарқатувчи сифатида “эътироф” этилаётган “Uznews.uz”да 23 мингдан, “DIA”да мингдан, “Sof”да 3 минг 200 дан ортиқ ўқувчи кўришга улгурган ва кўрсаткичлар соат сайин ортиб бормоқда.


 
Шу ўринда савол туғилади: бундай ахборотлар кимлар томонидан, қандай мақсадларда тарқатилмоқда. Аслини олганда ҳар бир ахборотнинг “ортида” аниқ мақсадлар, унинг тарқалишидан манфаатдор тарафлар бўлади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганимизда агар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ёки ҳудудий бошқармалар бу хабарнинг тарқалишидан манфаатдор бўлса, уни фақат  “Uznews.uz”га маълум қилмай, расмий ахборотни интернетдаги саҳифасида ёки Ички ишлар вазирлигига тегишли газеталарда эълон қилган бўларди. Бу жиҳатдан олиб қарасак, ОАВларнинг ташкилотлардаги “ишончли манбалари” расмий ахборот сифатида қўлланилмаётган ва бутун республикага тарқатилиши маъқул кўрилмаган маълумотларни ўғринчи етказишда етакчилик қилмоқда.
 
Баъзан қулоғимизга чалингану ҳали расман хабар берилмаган воқеалар юзасидан таҳририятимиз ходимлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига мурожаат қилиб, тўлиқ ахборот беришларини сўрайдилар. Ва бу уринишлар кўп ҳолларда самарали бўлади, ўзаро ишонч, ўрнатилган кўп йиллик ҳамкорлик сабаб бирор жиноятга оид хабарлар берилади. Уни тарқатиш, энг асосийси, қай йўсинда тарқатиш журналистнинг позициясига, этикасига  қолган.
 
Бугун Ўзбекистонда фаолият юритаётган аксарият интернет-сайтларида журналистика қонун-қоидаларидан хабардор мутахассислар эмас, таржимонлар, кўргани ва эшитганини етказувчи мухбирлар, таржимонлар ишлаётгани ва уларнинг ёзаётгани тўғри-тузук назоратга олинмагани оқибатида “Uznews.uz” тарқатган хабарга ўхшаш маълумотларни интернетда ҳар кун учратяпмиз.
 
Баъзан ҳайрон қоласан, кўз ўнгимизда, маҳалламизда, иш жойимизда шундай қабиҳ жиноятлар рўй берадики, бу ҳақда ички ишлар идораларининг интернет саҳифаларида, газетада лом-мим дейилмайди. Қачонки, масала бирор ОАВ томонидан ўртага ташланиб, жиноят содир бўлгани юзага чиқса, ҳуқуқ-тартибот органлари масалага панжа ортидан қараш ўзини оқламаганини тушуниб етадилар ва жиноят тафсилотларини берадилар.
 
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қайд қилинган жиноятлар юзасидан ҳисобот тариқасида интернет орқали берилаётган  хабарларни саралаб чиқдик. Саралаш асносида ОАВларга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг бўш қолмаётганини тасдиқловчи уч турдаги хабарлар кўп тарқатилишини пайқадик. Кўплиги даражаси бўйича уларни уч ўринга бўлдик.
 
  1. Фоҳишалик ва фоҳишахона сақлаш жинояти
  2. Гиёҳванд моддалар сотиш жинояти
  3. Телефон ва оз миқдорда пул ўғирлаш жинояти
 
Халқимизда “гапирсанг бети, урсанг эти қотади” деган гап бежиз айтилмаган. Жиноятчилик ва унинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар ОАВда кенг ёритилиши керак экан деб ички ишлар идоралари юқорида санаб ўтилган жиноятларни “тарғиб қилиш” билан банд бўлиб қолмаяптими? Тарғибот ва ташвиқот ҳақида гап кетганда эса бир нарсани унутмаслик даркор. Акс таъсир этувчи тарғибот ортида ҳам яширин реклама, яширин тарғибот ётади ва буни зикри тиниқ одам жуда яхши тушунади.
 
Айни жиҳатдан олиб қарасак, фоҳишалар ҳақида уларнинг суратларини ҳам яширмай хабарлар берилавергани, ОАВлар эса бунинг ортидан шов-шув кўтарвергани оқибатида бугун қайсидир туманда фоҳиша қўлга олингани янгилик бўлмай қолди. Ҳатто, бу жиноят билан бир неча бор қўлга тушиб, сурати ОАВларда бир неча бор чоп этилаётганлар ҳам бор. Халқ, ОАВни кузатиб борадиган ўқувчилар учун бундай “янгилик”лар янгилик бўлмай қолди.
 
Бугун ит одамни эмас, одам итни тишлагани янгилик. Кўчада ушланган фоҳишалар ҳақидаги янгиликдан одамлар қониқмай қолди. Улуғ маскан – мактабда фоҳишалар қўлга олинганини айтиб, шов-шув кўтардик. Энди уларнинг суратини беришимизни сўрашди. Афсуски, фоҳишаларни “реклама” қилиб суратларини ҳам тарқатаётган ОАВлар ҳам топилди. Одамлар бундай хабарларга тўйди. Рейтингнинг ортидан чопиш қурсин. Бесоқолбозлар тутилганини айтиб, яна эътиборни тортишди. Аммо халқ маънавиятини, ёшларнинг эртасини ким ўйлайди? Бу хабар эртага ортидан қанчадан қанча оғир мусибатларни олиб келишини, бесоқолбозлар ҳақида латифалар тўқиш, давраларда гапириш, фильмларда кўрсатиш оддий ҳол бўлиб бораётганини ким ўйлайди?
 
Биз жиноят деб бонг ураётганимиз бугун пайдо бўлган иллат эмас. У кеча ҳам бор эди. Шунчаки гапирмаслик, жамият эътиборини тортиб, ундайлар сафини кенгайтирмасликни, одамлар буни оддий ҳолдек қабул қилишларига йўл очмасликни маъқул кўрилган ва бу энг мақбули эди.
 
ХХ аср ахборот асри бўлганди. ХХI аср ахборот ҳуружлари асри сифатида тан олинди. Бу ҳуруж одамларни бирданига маънавиятини заифлаштириши, майиб қилиши, бора-бора жамиятда бефарқлик, боқимандалик кайфиятини уйғотиши ҳеч гап эмас. Биз кўп йиллик тарихга эга бўлган халқимизнинг бой маънавияти, ўрнак бўлса арзигулик қадриятлари, ота-боболардан қолган оила мактабига зарба берувчи, уни дарз кетишига сабаб бўлувчи, кун келиб парокандаликка юз тутишига олиб борувчи хабарларни тарқатишда, бунинг ортидан обрў топишда давом этарканмиз, кун келиб фарзандларимиздан маънавиятни, тарбияни, ахлоқни кутишга ҳақсизмиз. Тўғри, одобни беодобдан ўрган дейишади. Аммо беодоблар даврасида ҳар қандай одам одоб чегарасидан хатлаши мумкинлигини унутмайлик.
 
Тошкентда бесоқобозларнинг қўлга олинганини тарқатган “Uznews.uz”чилар ва бу хабарни ёйишда пешқадам бўлган бошқа ОАВлар, ички ишлар органи ходимлари агар бошида ўзбек дўпписи бўлса, ўша дўппини бир четга олиб юқори айтганларимизни чуқур ва виждонан ўйласа, кўз ўнгига миллатини, фарзандларини келтирса, мақсадга мувофиқ бўларди. 
Қамариддин Шайхов, “Qalampir.uz” сайти раҳбари

Теглар:Гейлар Бесоқолбозлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

Said
18:49 05.12.2017

Sizlar boshqa OAVlarni tanqid ostiga olyapsilaru lekin o`zlaringni kamchiliklaring o`zlaringga bilinmedi. Sizlarda ham sayoz fikrlar, maqolalar ko`p.


Mirolim Isajonov
09:45 05.12.2017

Қамариддин ака, мақолангиз орқали мазкур жирканч ҳолатни таҳлил қилишга ҳаракат қилгансиз. Аммо мақолангиз орқали гейларлар билан ҳеч кимни иши бўлмасин, уларни фош қилишдан нима наф деган, фикрларни илгари сураётганга ўхшаяпсиз. Аслида ўша иккала йигитни исм-шарифи, қаерда яшаши ва бу борадаги фикрларини олиш керак эди, назаримда.


Jalol
20:47 04.12.2017

Umaman olganda sizni yozgan maqolangiz jadayam bachkana. Nima qilasiz kavlab, chuqurlashib. Halq ja siz o'ylagancha faqir emas, guruch ham kurmaksiz bo'lmaudi. Tushunadi. Lekin, sizni nima uchun ma'lumotni filtrlash, eskicha fikrlashingizni qoralayman.


Anonim
08:57 04.12.2017

Umumiy maqsad yaxshi. Lekin sog'lom raqobat qilish kerak. Raqiblar xatosini ochib tashlash bu pastkashning ishi Janob Shayxov. Va yana Qalampirda ham juda ko'p tuturuqsiz maqolalar ketadi, atyniqsa Shou biznes ruknida.


sniper
10:47 03.12.2017

узларинг хам ёзиб чикибсизлару хаммасини жамлаб)



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Ўзбекистонга қайси “фаст-фуд” бренди келишини истайсиз?

Барча сўровлар